Фан-техника | 01:49 / 10.09.2016
5093
1 дақиқада ўқилади

McLaren 650S суперкарининг вориси ниқобсиз суратга олинди

Интернет тармоғида McLaren 650S ўрнига ишлаб чиқарилиши кутилаётган суперкар прототипининг ниқобсиз суратлари пайдо бўлди. Купенинг жосуслик суратлари Испанияда олинган бўлиб, уни Италиянинг Automoto журнали чоп этди.

2017 йил мартида Женева автосалонида намойиш этилиши кутилаётган янги суперкар лойиҳаси ички P14 шартли белгиси билан маълум. Суратларга кўра айтиш мумкинки, купенинг бамперлари ўзгаради, кузов олд қисмининг шакли, бош ёритқич чироқлари янгича тус олади. 

Хабарларга кўра, 650S ворисига кучайтирилган 3,8-литрли твин-турбо саккиз цилиндрли мотор жойланади. 

Ҳозирги McLaren 650S 650 от кучига, 3,8-литрли V8 двигатели билан жиҳозланган. Мотор иккита сцепленияли 7 босқичли автомат узатмалар қутиси ёрдамида автомобилни ҳаракатлантиради. Суперкар биринчи юзликка 3 сонияда эриша олади. Энг юқори тезлигига чеклов ўрнатилган бўлиб, соатига 333 километрни ташкил этади.