АҚШда президентлар саломатлиги сир тутилганми?
2001 йилнинг 11 сентябрида юз берган даҳшатли террор ҳужумларининг қурбонлари хотирасини ёдга олиш маросимида навбатдаги президентлик сайловлари асосий номзодларидан бири Ҳиллари Клинтон ҳушини йўқотгани боис йиқилиб тушди. Қайд этиш керакки, аслида 68-ёшли Клинтон хонимнинг соғлиғи билан боғлиқ миш-мишлар анча олдин пайдо бўлганди.
Унинг тарафдорлари эса, бунга унчалик ҳам аҳамият қаратишмади. Бироқ, якшанба кунги ҳодиса кўпчиликни сергак торттирди. Эндиликда демократик партия вакиллари “Нима учун Клинтонга сайловларда қатнашиш учун рухсат берилди?”, “Нима учун унинг касаллиги очиқ айтилмади?” каби ўринсиз саволларга жавоб топишга мажбур бўладиганга ўхшайди.
Айни дамда АҚШда президентлика номзодларнинг саломатлиги билан боғлиқ масала биринчи ўринга чиқди. Шуни таъкидлаш керакки, АҚШ тарихида президент ва президентликка номзодларнинг соғлиғи билан боғлиқ масала бир неча бор долзарб сиёсий муаммолардан бирига айланган эди. Энг демократик мамлакат сифатида талқин қилинадиган АҚШда ҳам айрим холларда сиёсий арбобларнинг соғлиғи жамоатчиликдан сир тутилган.
1919 йилнинг октябрь ойида АҚШ Миллатлар Лигасига аъзо бўлиб кириши билан боғлиқ кампания авж олган бир вақтда президент Вудро Вильсон оғир инсультни бошидан кечиради ва амалда ишлаш қобилиятини йўқотади. Бироқ, ҳукумат аъзоларидан ҳеч кимга президент вазифасини бажариш юклатилмади. Бунинг самараси натижасида Вильсон ваколати тугангунга қадар, яъни 1921 йилгача президент вазифасини бажариб турди. Кейинчалик, тўғрироғи, 1967 йилда АҚШ Конгресси Конституцияга 25-тузатишни киритди. Бу тузатишга кўра, давлат раҳбари ўз вазифасини бажара олмаган тақдирда, унинг ваколатларини вице-президент бажариб турадиган бўлди.
1921 йилда 39 ёшли Франклин Делано Рузвельт шол (полиомиелит) касаллигига чалинади ва ногиронлар креслосига ўтириб қолади. Аммо шунга қарамай сиёсатчи касаллигини оммадан сир тутишга уринади ва ёрдамчиси ёки фарзандларидан бирининг кўмагида жамоатчиликка оёқда турган холда кўринишга уринади. 1944 йилда Рузвельтга атеросклероз, қон босими кўтарилиши, стенокардия ва юрак хасталиги ташхиси қўйилади. Ўша йили бўлиб ўтган сайлов кампанияси даврида президентнинг саломатлиги билан боғлиқ миш-мишлар инкор қилинди, Рузвельтнинг ўзи эса матбуотга босим ўтказишга уринди. 1945 йилнинг 12 апрелида президент бош оғриғидан шикоят қилиб, ҳушини йўқотди. У ўша куни бош мияга қон қуйилиши туфайли вафот этди.
АҚШнинг 34-президенти Дуайт Дэвид Эйзенҳауэр ҳам ўзининг ҳукмдорлиги йилларида бир неча бор соғлиқ масаласида муаммолар билан тўқнаш келди. 1955 йилнинг ўзида у олти ҳафта мобайнида юрак хуружи туфайли шифохонада даволанди. Бир йилдан кейин эса, ошқозон ичак шамоллаши туфайли жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. 1957 йил сўнггида Эйзенхауэр инсультни бошидан кечиргани боис маълум вақт тилдан қолди. Шунга қарамай 1961 йилга қадар президент вазифасида қолаверди.
Президент Жон Ф. Кеннедининг саломатлиги билан боғлиқ маълумотлар унинг президентлиги даврида мутлоқо сир сақланган ва у билан боғлиқ тиббий маълумотлар яқиндагина ошкор этила бошланди. 2002 йилда эълон қилинган тиббий маълумотларга кўра президент овқат ҳазм қилишдаги муааммолар ва Аддисон касаллигидан азият чеккани маълум бўлди. Шунингдек, у доимий равишда бел оғриғидан шикоят қилган ва кенг оммага кўринишдан аввал новокаин қабул қилган. Олимларнинг фикрича, Кеннеди қабул қилган дори-дармонлар унинг сиёсий қарор қабул қилишига таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Тарихчиларнинг фикрича, Кеннеди президент вазифасини бажараётган вақтда 9 марта шифохонага ётқизилган. Бироқ бу жарёнларнинг ҳаммаси жамоатчиликдан пинҳон тутилган.
69 ёшида АҚШ Президенти этиб сайланган Рональд Рейган мамлакат тарихидаги энг кекса президент сифатида тан олинади. Сайловолди кампанияси давомида ҳам бир неча бор унинг соғлиғи муҳокамалар мавзусига айланган эди. 1981 йилда президентликка киришган Р.Рейган бир неча бор жаррохлик амалиётини бошдан кечирди. Шундай жаррохлик амалиётларидан бирида 8 соатлик президент ваколати вице-президент катта Жорж Бушга топширилганини кўпчилик эсласа керак. Президентликдан кетганидан олти йил ўтиб, Рейганда Альцгеймер касаллиги аниқланди.
1992 йили Япония бош вазири томонидан уюштирилган кечки зиёфат вақтида президент катта Жорж Буш ҳушини йўқотиб, йиқилиб тушди. Бу жараён телекамераларда муҳрланган. Кейинчалик президент вакиллари Жорж Буш грипп билан оғриганини маълум қилди.
Шарофиддин Тўлаганов / Tnews.uz
Мавзуга оид
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024
Трамп лавозим тақсимламоқда: Пентагон журналистга, Маскка янги департамент
15:44 / 13.11.2024