14:29 / 19.09.2016
5206

Ашхободда Барқарор Транспорт бўйича биринчи Глобал конференциясига бағишланган медиа-форум якунланди

Шу йилнинг 26-27 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхободда БМТнинг Барқарор Транспорт бўйича биринчи Глобал конференцияси бўлиб ўтади. Унинг ишида БМТ бош котиби Пан Ги Мун, БМТнинг турли тузилмалари раҳбарлари, жаҳон мамлакатларининг Транспорт вазирлари иштирок этиши кутилмоқда. Глобал конференция олдидан куни кеча Ашхобод шаҳрида Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан медиа-форум ташкил этилди. Унда дунё мамлакатларидан келган 20дан ортиқ ахборот агентлиги, 30га яқин газета ва журналлар, ўнлаб телерадиоканал вакиллари иштирок этишди. Тадбирда, шунингдек, йирик халқаро ташкилотлар, жумладан ЕҲХТ, МДҲ, БМТ, ШХТ, ЭКО, Ислом Ҳамкорлик ташкилоти экспертлари, фан ва бизнес намоёндалари ҳам иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари жаҳондаги транспорт тармоғида юз бераётган оламшумул ҳодисаларга ўз эътиборларини қаратишди.

Шуни таъкидаш керакки, медиа-форум рамзини яратишга алоҳида эътибор қаратилгани кўриниб турибди. Рамзда Ер шари, унинг атрофини эса, қуруқлик, темирйўл, сув, ҳаво йўллари ўраб турибди. Анжуман учта сессияга бўлинган ҳолда бўлиб ўтди. Бу сессияларда кенг қамровли масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, транспортни ривожлантириш борасида Туркманистон томони илгари сурган ташаббусларга юқори баҳо берилди. БМТнинг Иқтисодий комиссияси Европа Ижроия қўмитаси котибининг ўринбосари Андрей Васильев транспортнинг савдо, туризм, мамлакатларнинг иқтсодий тараққиётидаги, минтақалар ҳамкорлигидаги  ўрни ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. БМТнинг иқтисодий ва махсус комиссиясининг Осиё ва Тинч океани минтақаси субминтақавий бўлими раиси Тизиана Бонапас ҳам ўз сўзида транспортни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига қараганда, ер юзида қазиб олинаётган нефтнинг 60 фоизи транспортларнинг ҳаракати учун сарфланади. Шу сабабли ҳам атроф-муҳитини ифлослантирмаслик борасида бу борада бир қатор ишларни амалга ошириш давр тақозосидир. У ўз сўзида экологияга заҳарли газларни чиқаришни олдини олиш мақсадида Ашхобод шаҳрида бир қатор ижобий ютуқлар қўлга киритилганини таъкидлаб ўтди. Бу борада шаҳар кўчаларининг кенглиги, тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида ер ости, ер усти йўлларининг қурилганига алоҳида урғу берилди.

Туркманистон вакиллари мамлакатда қурилаётган автомобиль, темир йўллар ҳақида атрофлича маълумот беришди. Улар денгиз портлари, янги аэропортлар қурилаётгани, эскилари эса тубдан таъмирланаётганини фахр билан таъкидладилар.

Бугунги кунда транспорт воситалари кун сайин кўпайиб бормоқда. 2050 йилларга бориб автомобиллар сони икки баробар кўпайиши башорат қилинади. Иштирокчилар йўл транспорт ҳодисалари ҳам глобал муаммолардан бири эканини таъкидлашар экан, “транспорт муаммо сифатида эмас, балки муаммоларни бартараф этувчи омил бўлиши кераклигини қайд қилиб ўтишди. Тадбир доирасида ноябрь ойида бўлиб ўтиши кутилаётган глобал конференция кун тарибига киритилиши керак бўлган масалалар юзасидан маслаҳат ва таклифлар берилди.

Бир сўз билан айтганда, медиа-форумда инсоният олдида турган долзарб масалалардан бири бўлмиш – 21 асрнинг глобал  транспорт  тармоғини яратиш борасида бир ёқадан бош чиқариб, ҳамкорликда  ишлаш зарурлиги таъкидланди.

Шарофиддин Тўлаганов

Top