McLaren автомобилсозлик компанияси Apple билан музокаралар олиб бораётганини инкор қилди
Буюк Британиянинг спорт автомобиллари ишлаб чиқарувчи McLaren компанияси ўз бизнесини сотиш бўйича Apple компанияси билан музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги ахборотни инкор қилди.
"Биз McLaren Apple билан қандайдир мумкин бўлган инвестициялар ҳақида музокаралар олиб бормаётганини тасдиқлашимиз мумкин", деб айтди компания вакили. Шу билан бирга, у McLaren "турли томонлар билан махфий учрашувлар" ўтказиб туришини таъкидлаб ўтди.
21 сентябрда Financial Times нашри ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда Apple бир неча ойдан бери McLaren’ни сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилган.
Нашрнинг таъкидлашича, Apple ҳеч қачон автомобиль ишлаб чиқариш ниятидалигини маълум қилмаган бўлсада, 2016 йил бошида эҳтимолий лойиҳа учун apple.car ва apple.auto каби бир нечта домен номларини рўйхатдан ўтказгани маълум бўлган.
2016 йил бошларида Apple Хитойнинг такси чақириш хизмати Didi Chuxing’га миллиард доллар сармоя киритганди.
McLaren Automotive автомобиль ишлаб чиқариш компанияси McLaren Technology Group’нинг бир қисми ҳисобланади. McLaren Technology эгалари McLaren Automotive’нинг 80 фоизини назорат қилади. McLaren спорт автомобилларининг нархи миллион долларга яқин туради. 2015 йилда компания 1654 та автомобиль ишлаб чиқариб, 450 млн фунт стерлинг тушум олган.