36 саволга 36 жавоб ёхуд сифат муҳимми ёки натижа?
Яқинда анчадан бери кўрмаган дугонамни учратиб қолдим. Суҳбатни қисқа қилганидан қаергадир шошаётганини сездим, янглишмабман — репититорига ошиқаётган экан.
Бунинг нимаси қизиқ дерсиз? Албатта, кейинги йилларда бунинг сира ажабланарли жойи қолмади. Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари яқинлашгани сари аксарият абитуриентлар репититорга серқатнов бўлиб қолади. Ўзлари-ку ёш, қизиққон, ҳали баъзи нарсаларда шошма-шошарликка йўл қўйиши мумкиндир, кўпни кўрган ота-оналар-чи? Улар билан гаплашганда айримларининг: «Бугунги ўқитувчилар яхши ўқитмайди, шунинг учун боламни репититорга бердик» деган гапларини эшитамиз. Хўш, бу фикр қанчалик асосли? Ўзи фарзандини ўқишга тузукроқ қизиқтира олмаган, илм олишга иштиёқ уйғотишни эпламаган кишиларнинг минг-минглаб заҳматкаш муаллимлар фаолияти устидан чиқарган ноҳақ хулосалари эмасми? Ёки ростдан ҳам ўқитувчилар бераётган билим йигит-қизларимизнинг олий таълим муассасасига ўқишга киришига етарли бўлмаяптими? Умуман, бизнинг тушунчамиздаги репититор ким ўзи? Профессионал ўқитувчими ёхуд ёшларни шунчаки кириш имтиҳонларига тайёрлайдиган кимсами? Қуйидаги мулоҳазалар орқали шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Репититор керакми?
— Ўқишга тайёрланиш учун репититорга боряпман, — дейди Жалақудуқ педагогика ва иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Жавоҳир Парпиев. — Коллеж дарсларида ҳам керакли билимлар берилади, албатта. Лекин бу тест саволларига жавоб топиш учун етарли эмас деб ўйлайман. Репититор эса айнан ўша тестларда сўраладиган маълумотларни саралаб ёдлатади.
Репититорга қатновчи ёшлар орасида сўров ўтказганимизда, уларнинг қўпчилиги таълим муассасасидаги дарслардан қониқмаслини (бу масала газетамизнинг ўтган сонларидан бирида ёритилган эди) айтишди. Репититорга боришдан мақсад эса, маълум бўлишича, тест ишлашни ўрганиш. Ҳа, айнан тест ишлашни. Муайян бир фаннинг сир-асрорларини эмас!
Бу каби масалаларга аниқлик киритиш учун пойтахтимизда фаолият олиб бораётган репититорларнинг дарсларини кузатдик. Натижада аксарият репититорлар академик лицей ўқитувчилари бўлиб, улар дарсни таълим муассасасидаги асосий машғулотлар тугагандан сўнг ўтишини аниқладик. Репититорларнинг ўзлари берган маълумотга қараганда, хусусий машғулотларга келувчилар орасида коллежга нисбатан лицей ўқувчилари кўпчиликни ташкил қилади.
Академик лицейлар Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасига асосан, олий ўқув юртига тайёрлайдиган таълим муассасаси ҳисобланади. Буни инобатга оладиган бўлсак, гап яна таълимнинг сифатига бориб тақалади. Хўш, академик лицей ўз фаолиятга кўра, олий таълимга тайёрловчи муассаса экан, нима учун бу вазифани лицейнинг ўзи уддаламаслиги керак? Репититорлик феномени тараққий этганининг сабабларини, авваламбор, ўрта-махсус таълим муассасаларидан, жавобгарликни эса уларнинг раҳбарларидан сўраш керак эмасми? Ахир, лицейлар шу мақсадда очилмаганмиди? Ё дарсларга ажратилган соатлар нотўғри тақсимланганми? Балки гап гуруҳларда ўқувчиларнинг кўплигидадир (30-40 тагача)?!
— Лицей дарсларининг ўзида ҳам ўқувчиларимни тестларга тайёрлаб боришга ҳаракат қиламан, — дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қошидаги академик лицейнинг она тили ва адабиёт фанлари ўқитувчиси Санобар Қўлдошева. — Бироқ бунинг ўзи етарли эмас. Сабаби лицей машғулотларида ўша бир соатлик дарс учун мўлжалланган мавзу ўтилади. Тестларнинг 50 фоизи эса мактаб дарсликларидан тузилган. Ўқувчи мактабда мавзуларни яхши ўзлаштирган тақдирда ҳам, тестда сўраладиган факт, назарий маълумотларни унутган бўлади. Мана шу ўринда ўқувчи репититорга эҳтиёж сезади. Ўқувчи мактаб, лицейда умумий билимни олаверади, репититор эса айнан кириш имтиҳони тестларига эътиборни қаратиб, бир фан бўйича чуқурроқ билим беради.
Афсуски, барча репититорлар ҳақида ҳам бундай фикрни айтиш қийин. Аниқланишича, лицейдаги барча ўқитувчилар ҳам дарс мобайнида билим бермайди, имтиҳонга тайёрламайди, бунинг ўрнига пуллик қўшимча машғулотларини тавсия қилади. Ҳар қандай маълумот, ахборот товар хусусиятига эга бўлган ХХI асрда билим ҳам сотиладиган бўлибди-да!
Рекламанинг таълимга алоқаси борми?
Ҳа, талаба бўлиш орзусидаги ёшлар орасида репититорга бориш тенденция — урф бўлибдими, демак репититорликнинг ўзини жамиятда муайян бир феноменга айланиб бўлди дейиш мумкин. Хўш, бу феномен қандай вужудга келди?
Репититорга бориш аллақачон “нуфуз” касб этган. “Ўқишга киришим юз фоиз — репититорга боряпман”, — дея керилишганда, беихтиёр бундай ишончнинг сабабига қизиқасиз. Бу ишонч ортида ўқитувчидан олинган пухта билим турибдими ёки?.. Яхши ўқитадиган репититорлар бор. Лекин кузатувларимиз жараёнида “Аниқ ўқишга киргизиб қўяман”, деб қуруқ ваъдалар бериб ўз хизматини реклама қилувчилар ҳам йўқ эмаслигини кўрдик.
Қизиқ, қандай қилиб натижани бир неча ой олдин бу каби ишонч билан башорат қилиш мумкин? Юз фоиз кафолат беришнинг ўзи ишончдан ҳам кўра кўпроқ рекламани эслатади. Рекламанинг таълимга нима алоқаси бор? Айтгандай, репититорлик таълим шаклими ёки бизнес тури?
Репититорликнинг нархини ким белгилайди?
Фанлар белгилайди. Аниқроғи, унинг нархи сиз қайси фанни ўқимоқчи эканингизга боғлиқ. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бунда ўша фан сиз кирмоқчи бўлган таълим муассасаси тест синовларида нечанчи блокда турганига қараб белгиланади. Қизиқ-а? Битта ўқитувчининг дарсига келувчи ўқувчиларда битта фан турли блокда туради. Масалан, математика қайсидир ўқувчи учун биринчи блок фани, бошқаси учун учинчи блок ҳисобланади. Битта аудиторияда ўтиргани билан тестда биринчи блок математикани топширадиган бола, учинчи блокда шу фанни топширадиган болага нисбатан икки карра кўп пул тўлайди. Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, фаннинг нархини белгилаш ҳам аллақачон шаклланиб бўлган. Ҳар бир фан бўйича нархлар келишилган. Мазкур мавзуни ўрганиш жараёнида тилларни ўқитиш энг қиммат туришига гувоҳ бўлдик. Бугунги кунда инглиз тили фанини ўқитиш ойига 200-400 минг сўмдан. Кейинги ўринда аниқ фанлар туради. Математика бўйича бир соатлик дарс 30-40 минг сўм. Хўш, бу нарх ўзини қанчалик оқлайди?..
— Университетга кириш учун инглиз тилидан қўплаб репититорларга қатнаганман, — дейди ЎзДЖТУ талабаси Наргиза Норқўзиева. — Уларнинг ҳаммаси ҳам грамматика билан боғлиқ қоидаларни ёдлатган. Лекин репититорларнинг ҳеч қайсиси дарс давомида инглиз тилида бирорта ҳам сўз айтмасди. Мақсад тест саволларида сўраладиган грамматика қоидаларини ёдлатиш эди.
Тиллар бўйича репититорга қатнаган қайси йигит ёки қиз билан гаплашмайлик, жавоби юқоридагидек бўлди. Тўғри, тестларга жавоб топишни ўргатишни ваъда қилиб, “мижоз”лар сонини анчагина кўпайтириб олиш мумкин. Бироқ мақсад билим ўргатишми ёки қандай йўл билан бўлса ҳам пул топишми?
“Лицензия деганингиз нимаси?”
Репититорлик хусусий ўқитувчилик фаолияти экан, унинг қонун билан боғлиқ жиҳатларига қизиқмасликнинг иложи йўқ. Хўш, репититорлик ҳақида қонунчиликда нима дейилади?
Бу ҳам хусусий тадбиркорликнинг бир шаклидир, — дейди ҳуқуқшунос Носиржон Асқаров. — Шундай экан, бу фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш қонунга хилофдир. Албатта, мактаб, коллеж, лицейларда иқтидорли ўқувчиларни олимпиадалар, кўрик-танловларга тайёрлаш учун ўқув муассаса маъмурияти алоҳида ўқитувчига бириктириб қўяди. Бунда педагог боладан ҳеч қандай тўлов олмаслиги сабабли, бу каби репититорлик ёки таълим муассасасидаги бепул тўгарак ўқитувчиларидан ҳеч қандай лицензия талаб қилинмайди. Бироқ репититор дарслари учун ҳақ тўланадими, демак, бунда аниқ бир кирим, даромад бор ва у солиққа тортилиши шарт. Хулоса қилиб айтганда, қонунийлаштирилмаган фаолият олиб борадиган репититор ҳам лицензиясиз тадбиркорлик билан шуғуллангани учун, ҳам тижорат орқали доимий даромадга эга бўла туриб давлатга белгиланган солиқни тўламагани учун жаврбгарликка тортилади.
Қонун белгилаган талаблар шундай экан, бунга изоҳ билдиришга ҳожат йўқ. Бунинг ўрнига биз репититорларнинг ўзларидан лицензия ҳақида сўраймиз.
Кўпчиликдан олган жавобимиз эса шундай бўлди: “Лицензия? Қанақа лицензия? Нималар деяпсиз?!”.
Ким кўп тест ёдлайди?
Давлат тест маркази томонидан ўтган йилларда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари саволлари жамланган ахборотномалар чоп этилганига кўзингиз тушгандир. Абитуриентлар орасида бу китобчалар “Вариант” номи билан машҳур. Ҳойнаҳой, бу китобчалардан репититорлар ҳам шогирдларининг билимларини синашда фойдаланади, деб ўйлаётгандирсиз. Ҳа, тўғри, лекин билим синашда эмас. Аниқроғи, билимни репититорлар айнан шу китобчалар ёрдамида беришга ҳаракат қилар, яъни улардаги тестларни бирма-бирма ёдлатар экан.
— Учала фандан ҳам репититорга борганман, — дейди Республика тиббиёт коллежи битирувчиси, абитуриент Зебохон Тожихонова. — Тестларни роса ёдлаганман. Имтиҳон куни умуман бошқа саволлар тушган.
Тест ёдлатиш... Бу балки, билим беришнинг янгича усулидир? Келинг, бу усулнинг самарадорлигини синаб кўрамиз. 2013 йилда она тили фани тест вариантлари ичида қуйидаги саволга тўхталамиз: “Соф кўмакчилар қаторини аниқланг”. Хўш, бу тест саволини жавоби билан бирга абитуриент ёдлаб олди ҳам дейлик. Имтиҳонда соф кўмакчилар ҳақида савол тушди, бироқ вариантларда энди бошқа сўзлар — тест ёдлаган абитуриент нима қилсин?
Ўша йилги тестлар ичидан яна қуйидагасини ҳам кўриб ўтиш мумкин: “Шуҳратнинг 1965 йилда ёзилган қайси асари унинг номини элга машҳур қилган?”. Абитуриент бу саволни ҳам жавоби билан бирга осонликча ёдлаб олишига, ҳатто имтиҳон куни тўғри вариантни белгилай олишига ҳам шубҳамиз йўқ, бироқ асарнинг ўзини ўқимай туриб, у нимаси билан ёзувчини халққа танитганини абитуриент қандай тушуниб етади? Ёки адабиёт хронологик маълумотлар, фактларни қуруқ ёд олиш илмими?
Она тили ва адабиёт фани бўйича тайёрланаётган абитуриентлар билан гаплашганимизда шуни билдикки, улар барча таниқли ёзувчилар, шоирларнинг туғилган йиллари, ҳатто асарларининг аниқ ёзилган санасини ҳам ёддан айтиб бера олади. Бироқ репититорлардан “Улардан қайси бирининг асарларини ўқувчиларингизга ўқитгансиз?” деб сўрасак, “Тестда тушмайди-ку” деган жавобни беришди. Тўғри, репититорнинг вазифаси кириш имтиҳонларига тайёрлашдан иборат, бироқ бир неча йиллаб олинган дарслар ўқувчи дунёқарашининг ўсишига хизмат қилиши керак эмасми? Зеро, кўндаланг турган савол маълум, қай бири маъқул: сифатми ёки натижа?
Абитуриент талаба бўлганда...
Албатта, натижани муҳим биладилар. Талаба бўлиш орзусидаги абитуриент “Ўқишга кирсам бўлди” дейди. Бироқ ўқишга киргандан кейин-чи?..
— Кириш имтиҳонларида энг юқори балларни олган талабалар машғулотлар бошлангач, энг элементар тушунчаларни ҳам англамай турса, аввалига ҳайрон бўлардим, — дейди ЎзДЖТУ ўқитувчиси, филология фанлари номзоди Феруза Ҳайитова. — Масалан, “Равиш нима?” деган саволни берсам, таърифини сўзма-сўз айтишади, бироқ матнда топиб бера олишмайди. Кейинчалик гаплашганимда, уларни репититорлар ўқишга тайёрлагани, назарий маълумотларни қойилмақом ёдлатгани, бироқ тушунтириб бермаганини билдим. Энг ачинарлиси, шундай талабаларга ёзма вазифалар топширганимда, ниҳоятда кўп имло хатоларига йўл қўйишади. Бу уларнинг коллеж-лицейдаги дарсларни қолдириб, фақат тест ёдлагани туфайлидир. Зеро, тил, адабиётни билиш назарий фактларни ёдлаш билан кифояланмайди. Қолаверса, тилни ўрганишда оғзаки ва ёзма нутқни ривожлантириш жуда муҳим.
Ҳар кимнинг ўз ёндашуви бор...
Сўзимиз аввалида, билимнинг ҳам янги асрга келиб, товар хусусиятига эга бўлгани ҳақида гапирдик. Ҳар қандай товарнинг сифати ҳақидаги энг тўғри фикрни эса ҳар доим истеъмолчи — бу ҳолатда репититор хизматларидан фойдаланган талабалар айтади:
— Репититорлик керак, — дейди ЎзДЖТУ талабаси Ирода Муҳитдинова. — Албатта, ўз ишига фақат даромад манбаи сифатида қарайдиганлар ҳам топилади. Бироқ чинакам мустаҳкам билим бериб, олий ўқув юртларига пухта тайёрлайдиган репититорлар ҳам бор.
— Кириш имтиҳонларига мустақил тайёрланиш ҳам мумкин, — дейди ЎзМУ талабаси Феруза Хайруллаева. — Бунинг учун алоҳида репититорнинг ёрдами шарт эмас. Ахир, имтиҳон куни бериладиган саволларнинг барчаси ҳам мактаб, лицей ўқув дастурларидан олинади. Демак, имтиҳон кунига қадар ўтилган мавзуларни такрорлаш, тест ечишни машқ қилиб боришнинг ўзи кифоя.
Кўриб турганимиздек, ҳар қандай ижтимоий ҳодиса каби репититорлик ҳам ўзининг ижобий ва андак салбий жиҳатларига эга.
Хулоса... эмас
“Репититор” сўзининг луғавий маъноси — “такрорлатувчи”, яъни ўзлаштирилган билимларни мустаҳкамлашга кўмаклашувчидир. Ҳар қандай фанни ўрганишда аввал ўзлаштирилган тушунчаларни такрорлаб бориш муҳим бўлгани каби, репититорлик феноменини ҳам жамиятда кераксиз, деб бўлмайди. Бироқ унинг стихияли ривожланиши бошқа масала. Айтайлик, айрим репититорлар дарсларни хонадонларида олиб боради. Лекин 10-15 болани тўплаб, репититорнинг қандай ғоявий таъсир ўтказиши мумкинлиги жамиятга қоронғи...
Юқорида таъкидланганидек, репититорлик асли таълим шаклидир. Демак, бу соҳа билан олий маълумотли, маълум тажрибага эга педагоглар шуғулланиши лозим. Шундай экан, репиторлик лицензиясининг берилиши учун маълум талаблар, жоиз бўлса, аттестация тизимини жорий қилиш, умуман олганда, ушбу соҳани тартибга солишнинг вақти келмадими?..
Мухтасар айтганда, ушбу мақолада кўтарилган мавзу долзарб, шу билан бирга жуда мунозарали. Шу боис, унда муаллиф фикрларини буткул хулоса сифатида қабул қилмай, мавзу юзасидан бошқаларнинг фикрларини билиш ҳам муҳим. Шунинг учун ўқувчиларимизнинг фикрларига ҳам ўрин беришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Репититорга бориш-бормаслик эса абитуриентнинг ўзига ҳавола.
Моҳларойим ҚАЮМОВА,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси,
“Маърифат” маҳорат мактаби битирувчиси
Мавзуга оид
14:24 / 06.11.2024
“Нега устимиздан кулишяпти?” – физика ўқитувчилари аттестация имтиҳонидан норози
16:48 / 04.11.2024
Россияда мигрантлар учун имтиҳонларнинг ягона нархлари белгиланади
17:46 / 28.10.2024
Apple саломатлик учун фойдали иловани синовдан ўтказди
18:39 / 11.10.2024