Британиялик депутат боксчининг ўлими сабабли бокс қоидаларини ўзгартиришга чақирди
Британиялик депутат Пол Флинн шотландиялик боксчи Энди Тоуэлл жангда олинган жароҳатлар сабабли 1 октябрда вафот этгандан кейин бокс қоидаларини ўзгартиришни талаб қилиб чиқди, деб хабар бермоқда The Guardian.
"Бокснинг ягона мақсади – рақибни беҳуш ҳолатга келтириш. Биз бу спорт тури қоидасини ўзгартиришга мажбурмиз ва охир-оқибат бош – тананинг энг заиф аъзоси эканлигини англашимиз керак. Бизнинг вазифа спортчиларни ҳимоялаш ва зарбалар оқибатида бошга етказиладиган жароҳатлар сонини минималлаштиришдан иборат", деб айтди Флинн.
Ўз навбатида, Британия тиббиёт уюшмаси ва Бутунжаҳон тиббиёт уюшмаси боксни тақиқлашга чақирмоқда.
1 октябрда Тоуэлл Дэйл Эвансга қарши жангда олган жароҳатлардан шифохонада вафот этди. Жангнинг 1-раундида Эванс Тоуэллни нокдаунга, 5-раундда эса нокаутга юборган. Шундан кейин жанг тўхтатилиб, Тоуэлл рингдан замбилларда олиб кетилган ва шифохонага етказилган. Афсуски, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиша олмаган.
Кейинроқ маълум бўлишича, боксчи охирги бир неча ҳафта бош оғриқларидан шикоят қилиб юрган, бироқ унинг ён атрофидагилар буни жанг олдидан стрессга йўйишган.