Ўзбекистон | 20:08 / 03.10.2016
36967
2 дақиқада ўқилади

СамДУда ректор алмашгани маълум қилинди

Самарқанд давлат университетига 1999-2003 йилларда мазкур олийгоҳни бошқарган Рустам Холмуродов ректор этиб тайинланган. Бу ўзгариш ўтган ойда бўлиб ўтган, аммо бу маълумот маҳаллий манбаларда энди маълум қилинмоқда.

Ўз вақтида, 2003-2004 йилларда вилоят ҳокими сифатида ишлаган Холмуродов янги лавозимида Олимжон Холмуҳаммедовнинг ўрнини эгаллаган.

Техника фанлари доктори, профессор Рустам Ибрагимович Холмуродов 1949 йилда туғилган. У Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини тамомлагач, шу ерда ассистент, доцент сифатида фаолият кўрсатган, кейинроқ кафедра мудири, қурилиш факультети декани бўлган.

У 1989 йилдан 1997 йилгача мазкур институт ректори лавозимида ишлаган, 1997-1999 йилларда эса Ўзбекистон таълим вазирининг ўринбосари сифатида иш олиб борган. Кейин эса тўрт йил давомида Самарқанд давлат университетини бошқарган.

2003 йилнинг 16 декабрида Рустам Холмуродов Самарқанд вилояти ҳокимлигига тайинланган ва 2004 йил 9 июлга қадар ушбу лавозимда фаолият юритган.

Шундан кейин 12 йил давомида бирон лавозимда ишламаган.

Таъкидлаш жоизки, Самарқанд давлат университетининг расмий сайтидаги "Раҳбарият" бўлимида ҳали ҳам Олимжон Холмуҳаммедовнинг исм-шарифи ўзгартирилмаган.

Мавзуга оид