Спорт | 21:20 / 06.10.2016
20128
2 дақиқада ўқилади

Бабаян: Кутилган ўйинни кўрсата олмаётган футболчига асосий таркибда жой кафолатланмаган

Фото: ЎФФ

Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичи доирасидаги Ўзбекистон – Эрон учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

“Муҳим ўйинда, афсуски, омадсиз ўйнадик. Йигитларга сўнгги дақиқаларга қадар курашишгани учун раҳмат айтаман. Одил Аҳмедовнинг йўқлиги бугунги ўйинимизга катта таъсир қилди, ҳужумда вазиятлар кам яратдик. Эрон ҳимояда яхши ўйнади. Бугун мағлубиятга учрадик, аммо ҳали олдинда ўйинлар кўп. Биз кейинги ўйинларда керакли натижаларни қўлга киритишга интиламиз.

Одил Аҳмедов катта эҳтимол билан Хитойга қарши ўйинда майдонга тушади. Биз уни бугун майдонга тушириб, таваккал қилмадик. Бу унинг тикланиш жараёнини узайтириб юбориши мумкин эди.

Суриянинг Хитойни мағлуб этиши? Йўқ, мени бу ҳайрон қолдирмади. Бу босқичда қайд этилаётган ҳеч бир натижа ҳайратга солаётгани йўқ. Ҳозирги босқичда кучсиз жамоанинг ўзи қолмаган.

Сардор Рашидов уч ўйиндан буён ўз даражасида ўйнай олмаётгани рост. Бундай ҳолатда ҳеч кимга кейинги ўйинларда асосий таркибда тушиш кафолатланмаган. Биз ўйинни таҳлил қиламиз ва келаси ўйингача керакли хулосалар чиқарамиз”, дейди Самвел Бабаян.

Мавзуга оид