Ўзбекистон миллий терма жамоасида бугунги кунда юзага келган вазият такрор ва такрор қалам тебратишга ундамоқда. Tribuna.uz сайтида таниқли журналист Шуҳрат Шокиржонов муаллифлигидаги навбатдаги мақолада терма жамоада кардинал ўзгаришлар амалга оширишга чақирилган.
Жаҳон чемпионати саралашида Қатарга қарши ўтган ўта қийин учрашувда ғалаба қозонишни эпладик. Гарчи, Сурияга қарши турган таркибдан Тошкентдагиси кескин фарқ қилса-да ўйин сифати ўша-ўшалигича қолганига барча гувоҳ бўлмоқда. Бу ғалаба аламли мағлубиятдан сўнг ачишаётган юракларга малҳам бўла оладими? Арзийдими шунга?
Қуйидаги постда шулар ҳақида мушоҳада юритилади.
Ўйин борасида чуқурроқ тўхталиб ҳам ўтирмоқчи эмасман, зеро, арзимайди: Қатарга қарши ўтган ўйиннинг тактик схемаси ўша-ўша — футболчиларимиз рақиблар карра-карра жадвалидек ёдлаб олган позицияларда ҳаракат қилишди, буни барчангиз кўрдингиз. Фақатгина хавфли стандарт вазиятдан урилган голгина жонимизга ора кирди.
Ҳозирга келиб, аниқ-равшан бўлиб қолаётган нарса шуки, Малайзияда бўлган учрашувда ҳеч қанақасига Сурияга мағлуб бўлишга ҳаққимиз йўқ эди. Қаранг, Сурия билан орамиздаги фарқ 4 очкони ташкил этмоқда. Бекорга энг яқин таъқибчи билан бўладиган ўйинни 6 очколик ўйин, дейишмайди. Мана, яққол мисол! Агар ўша ўйинда ғалаба қозонишни эплай олганимизда орадаги фарқи 10 очкони ташкил этар ва бугунги кунда Сурия биздан амалда етиб ололмайдиган даражада ортда қолган бўларди. Бугун Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧга тўғридан-тўғри чиқиш учун яхшироқ имкониятларга эга бўлиб, энг камида плей-офф учрашувларини нақд қилиб турган бўлар эди.
Буларнинг барчасига ким айбдор? Мелакдаги стадионнинг ёмон аҳволдаги чими эмас, ҳар қалай?
Бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бабаян терма жамоа рулига келгач, терма жамоа манфаати деб, журналистларни, клубларни йиғиб мажлислар ўтказди, айтиш лозим бўлса ЖЧга чиқиш учун, керак бўлса - унга халақит бермасликлари учун, ҳамманинг олдига ўз талабларини қўйди. Ҳаттоки олимпия терма жамоасига ҳам ўзи раҳбарлик қилиб, Рио олимпиадасига чиқишга уриниб кўрди. Нима билан тугаганини кўрдик.
Аммо бугунги кунда кўриб турибмизки, бугун футболимизда умумий таназзул. Ёшларимиз, ўсимирларимиз мунтазам қатнашиб келаётган Жаҳон чемпионатларидан мосуво, клубларимизда ҳам шу аҳвол. Халқаро майдонда тажриба оширмаётгани важи билан ёш футболчиларимизнинг миллий терма жамоа таркибига жалб қилинишини мутлақо кўраётганимиз йўқ. Терма жамоамиз эса саралашда қатнашаётган 12 терма жамоаси ичида энг қария терма жамоа. Ҳалигача Қатар-2011 қаҳрамонлари терма жамоамиз асосини ташкил этишмоқда. Максим Шацкихни чақириш қолган, холос.














