Спорт | 07:00 / 13.10.2016
9792
2 дақиқада ўқилади

Фёдор Емельяненконинг қизига ҳужум қилиниши бўйича жиноий иш қўзғатилди

Россия ММА (аралаш жанг санъати) иттифоқи президенти Фёдор Емельяненконинг катта қизи Мария Емельяненкога ҳужум қилиниши ҳолати бўйича "Калтаклаш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда "Московский комсомольец" нашри мухбири Ева Меркачева фейсбукда маълум қилди.

Маълумотларга кўра, қизга ҳужум қилиш бўйича полицияга ариза Емельяненконинг собиқ рафиқаси томондан берилган.

Аввалроқ Болалар шошилинч жарроҳлиги ва травматологияси илмий-тадқиқот институтида уларга номаълум кимса томондан калтакланган 16 ёшли қиз келтирилгани тасдиқланганди. Шу билан бирга ҳужум 9 октябрда содир этилгани маълум қилинган.  

Дастлаб 9 ёшли қизга у мактабдан қайтаётганда ҳужум қилингани хабар қилинганди. Таъкидланишича, қиз воқеа ҳақида дарров айтмаган, бироқ уни кейинроқ шифохонага олиб боришган. Шифокорлар қизга "кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи шикастланиши" ташхисини қўйганлар. "МК" ушбу воқеа Емельяненконинг Грознийдаги ММА мусобақасини танқид қилганидан кейин содир этилганига эътибор қаратган. Шу танқид сабабли Емельяненко Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ён атрофидагиларнинг тазйиқига учраганди.

Википедияга кўра, спортчининг икки турмуш ўртоғидан 1999, 2007 ва 2011 йилда туғилган 3 нафар қизи бор.

Мавзуга оид