Иқтисодиёт | 21:26 / 13.10.2016
15614
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2016 йилда Россияга 260 млн долларлик енгил саноат маҳсулоти етказиб берди

Ўзбекистон 2016 йилнинг дастлабки 7 ойида Россияга 260 млн долларлик енгил саноат маҳсулоти етказиб берди. Бу ҳақда Россия саноат ва савдо вазири ўринбосари Виктор Евтухов маълум қилди, деб хабар бермоқда uzdaily.uz нашри. 

Виктор Евтухов бошчилигидаги Россия делегацияси XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси очилиши маросимида иштирок этди.

Россия делегацияси ташриф вақтида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари ва молия вазири Рустам Азимов билан учрашди.

Томонлар икки томонлама ҳамкорлик ва кооперация имкониятини, жумладан пахтани қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.  

Евтухов Ўзбекистон Россиянинг стратегик ҳамкори ҳисобланишини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, Ўзбекистондан Россияга енгил саноати маҳсулотлари етказиб берилиш ҳажми 2016 йилнинг 7 ойида 2015 йилга нисбатан ўртача 24,3 фоизга ошиб, 260 млн доллардан кўпроқни ташкил қилган.  

Евтуховнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Россияга пахтадан тайёрланган ип етказиб бериш бўйича етакчи ҳисобланади.  

 

Мавзуга оид