18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида сайлов кампаниясида иштирок этаётган журналистлар учун амалий семинар ўтказилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, Президент сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ҳамда округ сайлов комиссиялари матбуот марказлари ходимлари қатнашди.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари С. Артикова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили У. Муҳаммадиев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов ва бошқалар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилаш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, сайлаш ва сайланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган асосий сиёсий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаб келаётган, демократик стандартларга ҳар томонлама мос бўлган сайлов тизими яратилганини алоҳида қайд этди.
Сайловга бошқа давлат органларининг ҳар қандай аралашувисиз тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни таъминлайдиган мустақил сайлов комиссияларини шакллантиришнинг демократик механизмлари жорий этилди. Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми берилгани ҳамда мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик Комиссия фаолиятининг асосий принциплари сифатида белгилаб қўйилгани бунда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Анжуманда кейинги йилларда сайловларни ўтказиш бўйича мамлакатимизда тўпланган тажриба, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда халқаро кузатувчилар тавсияларини инобатга олган ҳолда Президент сайлови бўйича қонунчилик қоидалари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти янада такомиллаштирилганига эътибор қаратилди. Бундай янгилик ва ўзгаришлар, хусусан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришини таъминлаш кафолатларини кучайтиришда, сайлов комиссиялари фаолиятининг очиқлигини янада кенгайтиришда ўз аксини топди.
Бундан ташқари, қонунчиликда сайловолди ташвиқоти тушунчаси, унинг турлари, шакллари ва усуллари, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши белгилаб қўйилди, сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган имзо варақалари миқдори мамлакатимиздаги жами сайловчилар умумий сонининг камида беш фоизидан бир фоизга камайтирилди, сайловга оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий қилинди.














