Ўзбекистон | 10:02 / 25.10.2016
7789
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон парламент делегацияси АҚШ ва Буюк Британияга сафар уюштирди

Фото: «Жахон» AA

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси уч кунлик ташриф билан АҚШга келди.

«Жаҳон» ахборот агентлигининг хабар беришича, ўзбекистонлик парламентарийларнинг сафар дастуридан АҚШ Конгресси аъзолари, АҚШ президенти маъмурияти, Давлат департаменти, Тижорат вазирлиги, ишбилармон, академик ва эксперт доиралари, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси ҳамда Жаҳон банки вакиллари билан учрашувлар ўрин олганди.

Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти билан ҳамкорликда брифинг, Атлантика кенгашида «давра столи» ташкил этилди.

Тадбирлар мобайнида Америка томонига Ўзбекистон замонавий тараққиётидаги асосий жараёнлар, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар, шунингдек, 4 декабрда ўтказиладиган Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида ҳар томонлама ва холис маълумотлар тақдим этилди. Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги фундаментал принциплар собитлиги, ички ва ташқи сиёсат, шу жумладан, АҚШ билан кўп қиррали муносабатлар ўзгармаслиги таъкидланди.

АҚШга ташриф уюштиришга қадар Ўзбекистон делегацияси Лондонда ҳам бўлиб, у ерда Буюк Британия Парламентининг ҳар икки палатаси аъзолари, ТИВ раҳбарияти, Савдо ва саноат бўйича Ўзбек-Британ Кенгаши билан юқори даражали учрашувлар, брифинг ва давра суҳбатларини ўтказди.

Британ экспертлари расмий Тошкентнинг минтақадаги қўшни давлатлар билан муносабатларни босқичма-босқич яхшилаш бўйича одимларини ижобий қарши олди. Президент в. б.нинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори, «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги қонунни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббуси, бош вазир виртуал қабулхонасининг очилгани қўллаб-қувватлов билан эсга олинди.

Британ компаниялари Ўзбекистон бозори, айниқса қайта тикланувчи энергия манбалари, ирригация, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, кимё саноати ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни жадаллаштиришга қизиқиш билдирди.

Мавзуга оид