18:35 / 27.10.2016
11094

2016 йилда ягона порталда янги 24 интерактив давлат хизмати жорий қилинди

Фото: my.gov.uz

Бугунги кунда my.gov.uz олти юздан зиёд давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, идора ва ташкилотни қамраб олган. Мурожаат этувчи ариза ёки шикоятининг мазмунига қараб уни тегишли органга жўнатиш имкониятига эга. Мурожаат онлайн тарзда, шу вақтнинг ўзида керакли жойга етиб боради. Фуқароларнинг идорама-идора юриши, қоғозбозлик, ортиқча сарф-харажатларга эҳтиёж йўқ. Ўзларини ўйлантираётган савол ёки муаммо юзасидан ўз вақтида жавоб олмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

– 2016 йилда ягона порталда янги 24 интерактив давлат хизмати жорий қилинди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Э.Долимов. – Бугунги кунда давлат ташкилотларига мурожаат этиш ҳамда давлат органлари раҳбарлари қабулига ёзилиш каби асосий хизмат билан биргаликда соғлиқни сақлаш, алоқа, транспорт, меҳнат, ижтимоий ҳимоя, божхона, солиққа оид 290 дан зиёд интерактив хизмат кўрсатилмоқда.

2016 йилнинг ўтган даврида my.gov.uz орқали 800 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинган. Уларда кўтарилган масалаларнинг аксариятига ечим топилган.

Ягона портал орқали тадбиркорларга жами 190 дан ортиқ турдаги интерактив хизмат кўрсатилмоқда. Ўтган даврда тадбиркорлардан 463 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Улар юзасидан тегишли хизматлар кўрсатилган.

Top