Иқтисодиёт | 22:18 / 27.10.2016
10881
2 дақиқада ўқилади

"Ўзбекистон темир йўллари" мева-сабзавот экспортчиларига чегирма жорий қилди

"Ўзбекистон темир йўллари" компанияси сифати тез бузиладиган маҳсулотларни рефрижератор секцияларида экспорт учун ташиганда олинадиган 3700 доллар миқдоридаги қўшимча йиғимни йил охирига қадар тўхтатиб турадиган бўлди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шунинг учун, экспортга ортилаётган маҳсулот ҳудудларини Ўзбекистон республикаси чегарасигача ташиш масофаларининг узоқлигини ҳисобга олиб, йўл тўловларига 30 фоиздан 60 фоизгача пасайтирилган тариф ставкалари коэффициенти қўлланилади. Рефрежератор сексияларига ортиш муддати имтиёзли 4 кунгача узайтирилади. 

Шунингдек, «Йўлрефтранс» АЖга тегишли рефрижератор секцияларида экспортга жўнатиладиган янги мева-сабзавот маҳсулотларини юклашда имтиёзли муддат жорий этилди ва юк ташуви учун KTZ Express АЖ орқали ҳақ тўланганда янги мева-сабзавот маҳсулотларини Қозоғистон Республикаси ҳудуди орқали транзит юк ташишга 30 фоизлик чегирма берилди.

Компаниянинг билдиришича, бир рефрижератор секциясида ташиладиган юк ҳажми 200 тоннани ташкил этади. Таққослаш учун: бир юк автотранспорти 20 тоннагача, авиатранспорт 50 тоннагача юк ташиши мумкин.

Темир йўл транспортининг яна бир устунлиги шундаки, юк ташувчи поезд учун об-ҳаво шароитлари ноқулайлик туғдирмайди ва қатъий жадвал бўйича ҳаракатланади.

Мавзуга оид