Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рақобат қўмитаси сохта чегирмаларга қарши огоҳликка чақирди
Қонунчиликка мувофиқ, сотувчи чегирма эълон қилганда товарнинг охирги 30 кун ичидаги энг паст нархини қайд этиши, истеъмолчининг талабига кўра ушбу маълумот тақдим этилиши шарт. Шунингдек, агар чегирма чекланган товарга, мавсумий маҳсулотга ёки яроқлилик муддати яқинлашган молга тегишли бўлса, бу ҳақда истеъмолчи олдиндан хабардор қилиниши керак.
Фото: Getty images
Янги йил байрами яқинлашиши билан кўплаб тадбиркорлик субъектлари савдони рағбатлантириш мақсадида турли акция ва чегирмалар таклиф этади. Рақобат қўмитаси бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирган ҳолда, қонунчилик нормаларига риоя қилиш кераклигини эслатиб ўтди.
Қўмита маълумотларига кўра, айрим субъектлар томонидан ёлғон чегирмалар эълон қилиш, чегирма миқдори, товар сони ва бошқа муҳим маълумотларни яшириш ҳолатлари кузатилмоқда. 2025 йилда қўмитага келиб тушган 48 мингдан ортиқ мурожаатнинг катта қисми айнан ноўрин ахборот ёки чалғитувчи реклама билан боғлиқ.
Қонунчиликка мувофиқ, сотувчи чегирма эълон қилганда товарнинг охирги 30 кун ичидаги энг паст нархини қайд этиши, истеъмолчининг талабига кўра ушбу маълумотни тақдим этиши шарт. Чегирма аниқ фоиз ёки суммада кўрсатилиши, унинг қачондан қачонгача амал қилиши тўғри баён этилиши лозим.
Сотувчи товарлар нархига нисбатан чегирма қўллашда:
- чегирмани аниқ фоиз ёки сумма шаклида белгилаши ҳамда товар нархи осон аниқланиши ва аниқ ўқилишини таъминлаши;
- истеъмолчининг талабига кўра, ҳар бир товар учун чегирма нархгача бўлган нарх тўғрисида аниқ маълумот тақдим этиши;
- сотувчи товарнинг чегирма эълон қилингунга қадар охирги 30 кундаги энг паст нархини тасдиқловчи ҳужжатлар (далиллар) билан асослаши (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно);
- агарда чегирма нархда сотилиши назарда тутилган товар сони чекланган ёки мавсумий ёхуд маҳсулотларнинг ҳолатига боғлиқ бўлса (хизмат қилиш муддати ёки яроқлилик муддати яқинлашган, бут бўлмаган, мавсумий сотиш, эски захираларни тугатиш, қадоқлашнинг шикастланиши ва/ёки бошқа сабаблар), бу ҳақида сотувчи чегирма тўғрисидаги маълумотда истеъмолчиларни хабардор қилиши;
- чегирма нархнинг амал қилиш муддати (бошланиш ва тугаш санаси) аниқ кўрсатилиши, агар чегирма нарх фақатгина муайян шароитларда қўлланса, бу шароитлар олдиндан маълум қилиниши;
- агар чегирмани тақдим этиш истеъмолчидан шахсга доир маълумотларни бериш ёки рўйхатдан ўтказишни талаб қилса, сотувчи шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши ва истеъмолчиларни уларнинг маълумотларини қайта ишлаш мақсадлари ва шартлари тўғрисида хабардор қилиши шартлиги белгиланган.
Қўмитанинг таъкидлашича, рағбатлантирувчи акциялар ҳақидаги маълумотлар — амал қилиш муддати, товарлар рўйхати, миқдори ҳамда шартлари аниқ ва тушунарли тарзда тақдим этилиши шарт. Бундан ташқари, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, БАДлар ва энергетик ичимликлар рекламаси бўйича чегирма ёки рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланган.
Рақобат қўмитаси тадбиркорларни қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақириб, жавобгарлик ва молиявий жарималар қўлланишидан огоҳлантирди.
Мавзуга оид
16:04 / 01.12.2025
Истеъмолчи мурожаатлари учун янги онлайн платформа ишга туширилди
13:33 / 27.11.2025
Хоразмда тиббиёт бирлашмалари 160 минг истеъмолчидан асоссиз маблағ олгани аниқланди
14:14 / 24.11.2025
Рақобат қўмитаси «пулли парковка» бўйича ўрганиш бошлади
12:43 / 21.11.2025