Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни ифодалаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Ахборот, ундан фойдаланиш, уни таҳлил қилиш ва тезкорлик билан тарқатиш имконияти замонавий жамиятда инсон юксалишининг асосий шартидир. Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш жамоат фонди директори Абдулазиз Абдуллаев билан суҳбатимиз айнан шу ҳақда бўлди.

— Сўз ва фикрлаш эркинлигини ҳуқуқий кафолатлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг ажралмас қисми ҳисобланади, — дейди А. Абдуллаев. — Бу фикрлар ва қарашлар хилма-хиллигини, фуқароларнинг демократик жараёнларда тўлақонли иштирок этишини таъминлайди.

Ўзбекистонда сўз эркинлигини, фикрлар хилма-хиллигини, одамлар ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этишини амалда таъминлаш учун барча шарт-шароит яратилган. Мамлакатимизда 1472 та оммавий ахборот воситаси эркин фаолият юритаётгани ҳамда изчил ривожланиб бораётгани бунинг яққол тасдиғидир. Уларнинг 60 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситаси экани, айниқса, эътиборлидир. Биргина сўнгги уч йил ичида мамлакатимизда “Madaniyat va Marifat”, “Dunyo Bo’ylab”, “Navo”, “Oilaviy”, “Diyor”, “Bolajon”, “Mahalla”, “UzHD” сингари давлат телеканаллари, “Milliy TV”, “Uzreport TV” ва “MY5” сингари нодавлат телеканаллар фаолияти йўлга қўйилди. Улар фикрлар ва қарашларнинг муҳим жиҳатларини ўзида мужассам этган бўлиб, ҳар бирида мамлакатда кечаётган жараёнларга ўз муносабати ва нуқтаи назари мавжуд.

— Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг кафолатлари нималардан иборат?

— Бу, авваламбор, унинг ривожланган қонунчилик асосидир. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳамланган. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Ушбу қоидани такомиллаштириш мақсадида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Почта алоқаси тўғрисида”ги, “Радиочастота спектри тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги каби 20 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди.

Оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга соладиган махсус қонунлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, айтиш жоизки, бу ҳуқуқий ҳужжатларнинг яхлит тизимини яратади, соҳадаги муносабатларнинг ҳуқуқий аниқлигини таъминлайди ҳамда оммавий ахборот воситаларининг амалда эркинлигини кафолатлашга хизмат қилади. Бу борада Австрия, ГФР, Швеция сингари давлатлар амалиёти билан танишганимизда, ушбу мамлакатлар конституцияларида ОАВ эркинлигига алоҳида эътибор қаратилгани, матбуот тўғрисида махсус қонун ҳужжатлари мавжудлигига амин бўлдик. Аммо айрим мамлакатларда яхлит қонун ҳужжатларининг йўқлиги оммавий ахборот воситалари фаолиятини сезиларли даражада қийинлаштиради.