21:41 / 07.11.2016
6367

Intel дронлар билан томоша кўрсатишда жаҳон рекорди ўрнатди

intel.ru

Intel корпорацияси бир вақтда бошқарилувчи дронлар сони бўйича ўзига тегишли бўлган аввалги йилги рекордини янгилади. Ўтган йили корпорация тунги ёруғлик шоусини ташкил этганди, унинг давомида ёруғлик диодлари билан жиҳозланган юзта дрон осмонда турли шакллар, жумладан Intel логотипини ҳосил қилган. Бир йил ўтмай компания муҳандислари квадрокоптерларни синхрон бошқариш алгоритмини такомиллшаштиришди. Натижада янги шоуда 500 та Intel Shooting Star дрони иштирок этди. Бу ҳолат Гиннесс рекордлари китоби вакиллари томонидан дронлар иштирокидаги энг оммавий томоша сифатида расман қайд қилинди.

Intel’нинг айтишича, энди исталган одам ўзига дронлар "галасини" харид қилиб, ўзининг шоусини уюштириши мумкин.

Shooting Star модели кўнгилочар тадбирларда ишлатилиш учун махсус лойиҳаланган. У 280 грамм келиб, сув тушишидан ҳимояланган корпусда ишланган. У бунинг эвазига ҳаттоки ёғингарчилик вақтида ишлатилиши мумкин. Дроннинг максимал учиш давомийлиги 20 дақиқага, узоқлиги эса 1,5 км га тенг. Дрон "деярли чексиз" ранг комбинацияларини акслантирадиган 4 та ёруғлик диоди билан жиҳозланган. Таъкидланишича, у 4 млрд гача ранг комбинацияларини акслантира олади, бу эса тадбир ташкилотчиларига ижод қилиш учун кенг имконият беради.

Дрон махсус дастур билан етказиб берилади. Бу дастур дроннинг осмондаги ҳаракатланишини автоматлаштиришга имкон беради. Дастур Intel томонидан сотиб олинган MAVinci GmbH компанияси иштирокида яратилган. Бу дастур осмондаги барча дронлардан муайян бир шакл ҳосил бўлиши учун ҳар бир дронга ўз учиш йўналишини беради. Дастур шунчалик мукаммалки, ўнта муҳим ўзгарувчини ҳисобга олади. Мисол учун, у дрон аккумуляторида қолган қувватга қараб, дрон энергиясини тежаш мақсадида унинг "гала" ичидаги ҳолати ва оптимал йўналишини ҳисоблаб чиқа олади. Дронларнинг бир-бирига нисбатан жойлашуви GPS ва бошқа бир қатор кўрсаткичлар ёрдамида кузатиб борилади. Дронлар шундай лойиҳаланганки, агар нимадир нотўғри кетиб, улар тўқнашиб, ерга тушиб кетса ҳам шикастлар минимал бўлади.

Компания вакилларининг айтишича, аввал ҳавода ёруғлик шоусини ташкил қилиш ҳаттоки тажрибали профессионалларда ҳам бир неча ҳафта вақт олган бўлса, энди буни саноқли дақиқалар ичида амалга ошириш мумкин.  

 

Top