Вариантлар: Месси «Барселона» билан шартномани узайтирмаса, қайси жамоага кетиши мумкин?
Бугун «Барселона»нинг аргентиналик ҳужумчиси Лионель Месси каталон клуби билан 2018 йилнинг ёзида ниҳоясига етадиган шартномасини узайтирмоқчи эмаслиги ҳақида хабар тарқалди. «Трибуна.uz» футболчи фаолиятини давом эттириши мумкин бўлган вариантларни кўриб чиқади.
Испаниядаги Marca нашри Лионель Месси «Барселона» раҳбариятини шартномасини узайтирмаслиги ҳақида огоҳлантирганини ёзди. Ўз навбатида «Барселона» президенти Жозеп Бартомеу футболчига бу борада шошилинч қарор чиқармасдан, яхшилаб ўйлаб кўришни тавсия этган.
Ўз фаолиятини шу жамоага бағишлаган Мессининг амалдаги шартномаси муддати 2018 йил ёзида тугайди, аммо нашрлар у шартнома муддати тугамасданоқ кетиши мумкинлигини ёзишган.
Marca Мадриддаги нашр ҳисобланади ва бу хабар ҳам тез орада бўлиб ўтадиган Эл-класико (4 декабрь - таҳр.) олдидан кўтарилган шов-шув бўлиши ҳам мумкин. Шу билан биргаликда ушбу газета Испаниядаги нуфузли нашрлардан бири ҳисобланади ва унда ёзилган кўп маълумотлар ассосиз бўлмайди.
Шундай экан, Месси ростдан ҳам Барселонадан кетса, қайси жамоага бориб қўшилиши эҳтимоллари мавжудлигини кўриб чиқамиз.
«Пари Сен-Жермен» (Франция)
Энг жозибадор вариантлардан бири шубҳасиз - «Пари Сен-Жермен». Франция пойтахтидаги бу бадавлат клуб азалдан ўз сафида Месси бўлишини орзу қилиб келади.
«ПСЖ» ички чемпионатда мотивациясиз қолган, жамоа дуч келган рақибни ер тишлатмоқда. Шайхлар бу жамоага Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш вазифасини қўйган. Лекин ҳали бу жамоа турнирнинг ярим финалига қадар ҳам чиқиб бормади.
Златан Ибраҳимович кетганидан кейин французлар юлдуз-фронтмендан айрилди ва бу ролга Мессидан кўпроқ тўғри келадиган футболчи йўқ.
«Барса» бу футболчисини қўйиб юборишга рози бўлса ва каттагина пул ишлаб олишни истаса, муаммо бўлмайди. «ПСЖ»га бундай трансферни амалга оширишда фақат молиявий фейр-плей тўсиқ бўлиши мумкин, аммо бу ҳал қилса бўладиган масала.
Агар Франция грандида Мессини қўлга киритиш имконияти пайдо бўлса, бунинг учун улар қанча футболчининг ўрнини бўшатиш керак бўлса, шунчасининг ўрнини бўшатади.
«Манчестер Сити» (Англия)
Месси учун жамоа қидирар эканмиз, «Манчестер Сити»ни назардан четда қолдириб бўлмайди. Ҳа, бу жамоанинг имкониятлари ҳам парижликларники каби улкан, балки янада яхшироқдир.
Манчестерликлар клубига шайхлар эгалик қилади, пулдан муаммо йўқ, «Ман Сити» энг оммабоп лига иштирокчиси ва бу жамоа аввалдан Мессини қўлга киритишни истаб келади.
Месси учун ҳам «Манчестер Сити»га ўтиш фаолиятидаги навбатдаги қадамга айланиши мумкин. Бу жамоа фақат бир мақсадни кўзлаган — Чемпионлар лигасидаги ғалабани. Бунинг учун «Манчестер Сити»даги вазият «ПСЖ»дагидан яхшироқ, чунки АПЛ Лига 1 билан солиштирганда "оғирроқ тош босади".
Шунингдек, бу жамоани Мессининг собиқ устози Хосеп Гвардиола бошқараётганини эътиборга олиш керак. Пеп «шаҳарликлар» жамоаси бошқарувида биринчи мавсумни ўтказмоқда ва жамоасини қуриш учун ўз таклифлари билан чиқиши мумкин.
«Арсенал» (Англия)
«Арсенал» варианти ҳаводан олингандек кўриниши ҳам мумкин — «канонирлар» ҳеч қачон Мессини сотиб олишга қизиқиш билдирмаган.
Лекин бу қизиқиш умуман йўқлигини англатмайди. Шунчаки, «Арсенал» етарли даражада селекция ишларида ҳам, ахборот масаласида ҳам ўта эҳтиёткорлик билан иш тутади.
Агар жамоада ўз сафига Мессини қўшиб олиш варианти пайдо бўлса, «гуннерлар»да бундан фойдаланиш учун молиявий томондан қудрат етарли. Албатта, бу рўй берса «Арсенал» анча вақтгача чиқим қилмаслиги ҳам мумкин.
Лионель Месси «канонирлар» сафида пайдо бўлиши Арсен Венгернинг ўйин услубига кўп ҳам ўзгартириш олиб келмайди ҳам. Эҳтимол, айнан у жамоага мухлисларини соврин билан хушнуд қилиши учун етишмаётгандир?
МЛС ёки Хитой
Назарий жиҳатдан бу вариантларни ҳам ташлаб ўтиб бўлмайди. Қолаверса, бугунги кунда кўплаб тажрибали футболчилар АҚШ ва Хитойда ҳам футбол ўйнамоқда.
Араб давлатлари варианти эса ўринсиз, чунки, бу Хитой вариантидан устун эмас. Ҳозирги кунда Очиқ осмон остидаги чемпионат ўзида дунё футболи юлдузларини тўплай бошлаган.
Хитой футболи катта қадамлар ташлаб ривожланмоқда ва бу лигада Лионель учун жанг олиб бора оладиган бир қанча жамоалар мавжуд. Шу билан бирга аргентиналик футболчини 30-31 ёшида Хитойга боришга кўндириш деярли иложсиз иш.
Американинг МЛС чемпионати ҳам бир вариант. Бу ерда ҳам бир талай юлдузлар тўп сурмоқда. Қолаверса, Америка сеҳрли диёр сифатида футболчиларни ўз-ўзидан жалб этиши мумкин.
Қачондир МЛСда Криштиану Роналду ҳам пайдо бўлиши мумкин. Аммо португалиялик футболчи «Реал» билан шартномасини 2021 йилгача узайтирди, Мессида эса «Барселона» билан 1,5 йиллик шартнома қолмоқда.
Бу ерда «Нью-Йорк Сити»да Андреа Пирло ва Фрэнк Лэмпард, «Лос-Анжелес Гэлакси»да Стивен Жеррард, «Нью-Йорк Ред Буллз»да Райт-Филлипс, «Торонто»да Себастьян Жовинко ўйнамоқда. Қайсидир жамоада яна бир машҳур футболчи пайдо бўлиши мумкин.
«Ньюэллз Олд Бойз» (Аргентина)
Месси бунга қадар бир неча марта қачондир Аргентинага қайтиши ва ўзининг илк жамоаси бўлмиш «Ньюэллз Олд Бойз» сафида ўйнашини айтиб ўтган. У «Барселона»га айнан шу жамоа сафидан борганди.
Ҳозирги вақтда бу вариант ҳақида гапириш ўринсиз, шу билан бирга бу вариантни бир четга суриб қўйиб ҳам бўлмайди. Месси пулга муҳтож эмас, уни бутун дунё тан олиб бўлган, 5 марта «Олтин тўп»га эга бўлган.
Шуни эътиборда тутиш керакки, Испания солиқ органлари билан муаммоларидан чарчаган Месси 2018 йилда чиндан ҳам кетиши мумкин.
Мавзуга оид
16:12 / 08.10.2024
Тошкентда тадбиркорга шартнома тузиб беришини айтиб 50 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
07:31 / 14.09.2024
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида маданий бойликларни асрашга доир шартнома тасдиқланди
14:25 / 24.01.2024
Ўзбекистон ва Корея ўртасида янги халқаро шартнома тасдиқланди
20:40 / 23.12.2023