ЖЧ—2018 саралаши, Осиё минтақасида биринчи давра якунланди. Кимда қандай вазият?
Россия—2018 мундиали учун ҳаракат қилаётган Осиё терма жамоалари 3-саралаш босқичининг биринчи даврасини якунлади. 5-турни Сеулда Жанубий Кореяга қарши ўтказиб, мағлубиятга учраб қайтган Ўзбекистон термаси ҳисобидаги 9 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди.
А гуруҳида Жанубий Корея Ўзбекистонни 2:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, гуруҳнинг икки учрашувида томонлар голсиз дурангга рози бўлишди. Қатар-Хитой ва Сурия-Эрон учрашувларида гол бўлмади.
Сурия Эроннинг "оёғидан ушлаб қолиши" эронликлар гуруҳда олдинга чиқиб кетишига йўл қўймади. Эндиликда гуруҳда Эрон 11 очко билан пешқадам, иккинчи ўриндаги Жанубий Кореяда 10 очко бор, Ўзбекистон 9 очко билан учинчи ўринда қолмоқда.
Иккинчи даврани Ўзбекистон 2017 йилнинг 23 мартида Сурияга қарши сафар ўйини орқали бошлайди. 7-турда, 28 март куни Қатар қабул қилинади. 8 ва 9-турларда Эрон ҳамда Хитойга сафар қилинади (13 июнь ва 31 август), 10-турда, 2017 йилнинг 5 сентябрь кунида Жанубий Кореяга қарши Тошкентда тўп сурилади.
Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқиши учун камида 21 очко олиши керак ҳисобланади. Ҳозирга келиб йўқотилиши мумкин бўлган 9 очкодан 6 очко кетди. Энди қолган ўйинларда мағлубият терма жамоани мундиал орзусидан янада узоқлаштиради. Ҳозирги ҳолатда назарий максимум жиҳатидан терма жамоада турнирга тўғридан-тўғри йўлланма олиш имкони сақланиб қолаётган бўлсада, реал имкониятлар ҳолатида Ўзбекистон гуруҳда учинчи ўринни эгаллаши мумкин. Бу ҳолатда иккинчи гуруҳда учинчи ўринни эгаллаши эҳтимоли юқори бўлган Саудия Арабистони билан плей-офф ўйини ўтказилади. Саудияликлар тўсиғидан ўтилса, Шимолий Америка вакили (Бу кўп эҳтимол билан Панама ёки АҚШ бўлади) билан ўйинлар ўтказилади.
В гуруҳида эса вазият чигал. Ўзбекистон бу гуруҳдан жой олмагани омаднинг келгани. Айни вақтда бу гуруҳда кучли тўртлик ҳосил бўлган. Саудия Арабистони ва Япония 10тадан, Австралия ва БАА 9тадан очко жамғарди. Ироқда 3 очко бор, Таиланд бугун Австралияга қарши ўйинда илк очкосини қўлга киритган.
Гуруҳда Австралия ва Япония ўз тажрибаси эвазига тўғридан-тўғри йўлланма олиши, Саудия Арабистони эса БАА билан учинчи ўрин учун рақобатлашиши кутилмоқда.
Таҳририят: Жанубий Кореяга қарши ўйинга кўп нарса тикилган эди. Муҳим ўйинлардаги мағлубиятлар Ўзбекистон футболида тубдан ислоҳотлар ўтказилиши кераклигини кўрсатиб берди. Россия-2018 билан хайрлашишга шошилмасдан, иккинчи давра бошлангунича, футбол федерациясида ва терма жамоада кадрлар алмашинувини ўтказган ҳолда навбатдаги ўйинлар учун тайёргарлик бошлаш керак бўлади. Жумладан, терма жамоага хориждан кучли бош мураббий таклиф этиб, Жанубий Корея ва Эронни мағлуб эта оладиган бошқа бир жамоа шакллантириш зарур бўлади. Мухлисларнинг Ўзбекистон футболидан кўнгли буткул совиса, кейин кеч бўлади.
Мавзуга оид
12:36 / 19.08.2020
Ўзбекистон - Эрон ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бошқа санага кўчирилди
12:19 / 24.06.2020
Ўзбекистон миллий жамоаси Тожикистон билан ўртоқлик ўйини ўтказади
16:56 / 11.06.2020
ФИФА янги рейтинги эълон қилинди: Ўзбекистон ўрнида қолди
19:58 / 23.02.2020