22:14 / 18.11.2016
8456

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди

17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида “Фуқаролар сайлов ҳуқуқлари ишончли ҳимоясини таъминлашнинг қонунчилиги ва амалиёти: Ўзбекистон ҳамда Германия тажрибаси” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган мазкур давра суҳбатида Бош прокуратура, Олий суд, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқшунос-олимлар, германиялик сиёсатшунослар, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти экспертлари қатнашди. Анжуманда, шунингдек, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси кузатувчилари ҳам иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини шакллантириш, фуқароларнинг сайлаш эркинлиги ҳамда жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари борасидаги миллий ҳамда хорижий тажрибани кўриб чиқдилар.

Ўзбекистонда давлат бошқаруви изчил модернизация қилиниши натижасида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш бўйича энг юқори халқаро демократик тамойил ҳамда стандартларга жавоб берадиган самарали ҳуқуқий асос яратилгани алоҳида таъкидланди. Ҳуқуқий ҳимоя чоралари фуқароларнинг мурожаатларини суд билан боғлиқ бўлмаган ҳамда суд жараёнида мустақил, шаффоф ва холис кўриб чиқиш воситалари мажмуини ўз ичига олади.

Мамлакатимиз қонунчилигида бу турдаги мурожаатларни кўриб чиқишга доир ҳуқуқий тартиб-таомиллар аниқ тартибга солинган. Жумладан, мурожаат қилиш тартиби ҳамда муддатининг бир хиллиги, уларни тегишли органлар томонидан ўз вақтида, очиқ ва транспарентлик тамойиллари асосида кўриб чиқиш, сайлов комиссиялари қарорларини суд ҳокимияти томонидан қайта кўриб чиқиш имконияти кўзда тутилади.

Ҳар бир фуқарога рўйхатга киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик юзасидан, шунингдек, рўйхатда сайловчи тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда ноаниқликка йўл қўйилганлик хусусида шикоят қилиш ҳуқуқи берилади. Бу масалага доир ариза участка сайлов комиссияси томонидан кўриб чиқилади, аризани участка сайлов комиссияси кечи билан йигирма тўрт соат ичида, сайлов арафасида ва сайлов куни эса дарҳол кўриб чиқиши шарт.

Комиссия қарори устидан туман (шаҳар) судига сайловдан кечи билан уч кун олдин шикоят қилиниши мумкин, туман (шаҳар) суди шикоятни йигирма тўрт соат ичида кўриб чиқишга мажбур.

Қолаверса, участка сайлов комиссиялари қарори ва хатти-ҳаракатлари юзасидан юқори турувчи сайлов комиссияларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат этиш мумкин. “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, бундай мурожаатлар Олий судга келиб тушган кундан бошлаб уч кун давомида, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса – дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида сайлов қонунчилигини бузиш ҳолатлари бўйича жавобгарлик чоралари белгиланган. Хусусан, сайлов комиссиялари фаолиятига аралашиш, уларнинг қарорларини бажармаслик, номзод, ишончли вакил, кузатувчи ёки сиёсий партия ваколатли вакили ҳуқуқларини бузиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда тарғибот материалларини қасддан йўқ қилиш ёки уларга шикаст етказиш, жамоатчилик фикри сўровлари натижалари, сайлов натижаларини тахмин қилишни чоп этиш (эълон қилиш) тартибига амал қилмаслик ва бошқалар учун жавобгарлик кўзда тутилган.

Ушбу йўналишда Марказий сайлов комиссияси томонидан Сайлов ва референдумларни ташкил қилиш ва ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий иш юритишни расмийлаштириш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқилиб, 2016 йил 7 октябрь куни тасдиқланди. Унга кўра, Марказий ҳамда округ сайлов комиссиялари аъзолари тегишли протоколларни тузиши ва ҳуқуқбузарлик турига қараб уларни суд ёки прокуратура органларига юбориши мумкин.

– Президент сайлови мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа, – дейди Омбудсман котибияти ходими

Д. Муратова. – Шунинг учун фуқаролар сайлов ҳуқуқлари ишончли ҳимоясини таъминлаш жуда муҳимдир. Биз ушбу жараёнга фаол киришдик. Омбудсман томонидан сайловчилар ҳуқуқий маданияти ҳамда электорал фаоллигини юксалтириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш бўйича асосий тадбирлар режаси тасдиқланди. Унда фуқароларнинг, авваламбор, имконияти чекланган кишилар, хотин-қизлар, турли миллат ва элатлар вакиллари, вақтинча қамоқда сақлаш жойларида бўлган шахсларнинг сайлов жараёнидаги фаоллигини кучайтириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари эркин амалга оширилишига монелик қилиш ҳолатларини мониторинг қилиш ҳамда тезкор чоралар кўриш каби масалалар қамраб олинган.

– Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни юксак савияда ўтказиш йўлида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди ҳуқуқшунос, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма эксперти Х. Бюллер. – Ушбу сиёсий тадбирга қизғин ва пухта ҳозирлик ҳақида хориждаги оммавий ахборот воситалари мунтазам ахборот бериб бораяпти. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида немис илмий доиралари вакиллари, ҳуқуқшунослари билан учрашув ташкил этилди. Унда сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ҳамда қўшимчалар, сайлов кампаниясининг барча босқичи, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, сиёсий партиялар фаолияти ҳақида батафсил маълумот беришди. Ушбу сиёсий тадбирга кўрилаётган тайёргарлик ишлари юксак эътирофга лойиқ. Давра суҳбатида Германияда сайловлар ва умумхалқ овоз беришининг қонуний асослари ҳақида маъруза қилдим. Умуман айтганда, бизнинг сайловга оид қонунларимиз ўзаро ўхшашдир. Уларда сайловларнинг асосий демократик тамойиллари акс эттирилган.

– Шу кунларда Ўзбекистонда муҳим сиёсий тадбирга – Президент сайловига тайёргарлик кўрилмоқда, – дейди Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг минтақавий ваколатли вакили Т. Кунце. – Мамлакатингиз халқ учун ғоят муҳим бўлган бундай тадбирни ташкил қилиш бўйича ижобий тажриба тўплаган. Шунингдек, қонунчилик асосларини такомиллаштиришга ҳамда Президентликка номзодларнинг сайловчилар билан мулоқотига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашни истардим. Жойларда учрашувлар видеоконференция шаклида ўтказилаётгани аҳолининг кенг қатламини қамраб олиш имконини бермоқда. Барча номзодга тенг шароит яратиб берилган.

– Германияда сайлов кампанияси учун асос бўлган бир қатор мажбурий тамойиллар мавжуд, – дейди Саксония федерал ери Ландтаги илмий ходими, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма эксперти Р. Фалькнер ўз маърузасида. – Сайловлар эркин, тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш йўли билан умумхалқ иштирокида ўтказилиши керак. Германияда сайлов ҳуқуқини амалга оширишнинг амалий жиҳатлари ҳақидаги маърузамда давлатимизнинг ушбу масаладаги қарашларини сўзлаб бердим. Ўзбекистонда ҳам Германия интиладиган иккита умумий тамойил бор. Бу сайловларни ташкил қилиш доирасида тегишли чора-тадбирларнинг ошкоралиги ва масъуллигидир.

Давра суҳбати қатнашчилари томонидан қайд этилганидек, бу борада сайлов жараёни иштирокчиларининг юксак ҳуқуқий маданияти сайлов қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Марказий сайлов комиссияси томонидан бу йўналишда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сайлов кампанияси бошлангандан буён

37 мингдан зиёд тарғибот тадбирлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида 10 мингдан зиёд чиқишлар, 27 мингдан ортиқ конференция, давра суҳбати, семинар, тренинг ва учрашувлар ташкил этилди.

Фуқаролар сайлов ҳуқуқларини таъминлашда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳамда жамоат ташкилотлари алоҳида ўрин тутади. Бу борада Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Ногиронлар жамияти, Республика байналмилал маданият маркази ва бошқа ташкилотлар фаол иш олиб бормоқда. Бу саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини мамлакатимиз сайлов қонунчилигининг демократик қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказишга, фуқароларнинг умумий ҳамда тенг сайловларда хоҳиш-иродасини эркин билдиришига оид ҳуқуқларини самарали рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Германиялик экспертлар Ўзбекистон ва Германия ҳамда бошқа мамлакатлар сайлов тизимларини таққослаб, демократик сайловларнинг умумэътироф этилган тамойил ва стандартлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакт, Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген кенгаши ҳужжати қоидалари мамлакатимиз сайлов қонунчилигига тўлиқ имплементация қилинганини, улар ҳаётга самарали татбиқ этилаётганини таъкидлашди.

Тадбир амалий мулоқот ҳамда фикр алмашиш руҳида ўтди.

Top