Жаҳон | 07:56 / 13.05.2024
1748
3 дақиқада ўқилади

Каталония парламенти сайловларида сепаратистлар ўринлардан маҳрум бўлди 

Социалистик партия Каталония минтақавий сайловларида биринчи ўринни эгаллади. Сепаратистлар машҳурлигини йўқотмоқда.

Фото: Emilio Morenatti/AP/picture alliance

Каталонияда 12 май, якшанба куни минтақавий парламентга сайловлар бўлиб ўтди. Биринчи ўринни 135 жойдан 42 та жой олган Каталония социалистик партияси эгаллади. Иккинчи ўринда маҳаллий ҳукумат собиқ раҳбари Карлес Пучдемоннинг минтақа мустақиллигини қўллаб-қувватлаган «Каталония учун бирга» партияси эгаллади. Шу билан бирга, Каталониянинг энг машҳур бўлгинчи партияларидан бири –Республикачилар сўл партияси 13 ўринни йўқотди ва парламентдаги 20 та жой билан минтақадаги энг оммабоп учинчи кучга айланди.

Шунингдек, маҳаллий парламентга, дастлабки маълумотларга кўра, ўнг-марказчи Каталония Халқ партияси (15 ўрин), ўнг қанот миллий консерватив «Овоз» партияси (11 ўрин), «Комунс-Сумар» алянси (6 ўрин) ва айирмачи сўл партиялар, шунингдек, сепаратист ўта ўнг Каталония алянси (2 ўрин) кирди.

Кўпчиликни ташкил қилиш учун 135 ўринли минтақавий парламентда 68 мандат олиш керак.

Испания парламенти каталониялик бўлгинчиларга амнистия эълон қилди

Испания парламенти март ойи ўрталарида 2017 йил октябр ойида Каталония мустақиллигини эълон қилишга ва шимоли-шарқий минтақани Испаниядан ажратишга уринишда иштирок этганларга амнистияни назарда тутувчи қонунни қабул қилган эди. Испания Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, амнистия тахминан 350 кишига тегишли. Гап биринчи навбатда Каталония мустақиллигини эълон қилишга уринган сиёсатчилар ҳақида кетмоқда. Улар орасида Каталониянинг собиқ раҳбари ва «Каталония учун бирга» партияси собиқ раиси Карлес Пучдемонт ҳам бор, у ҳали ҳам Испаниядан ташқарида яширинган.

Каталонияда сайлов муддатидан олдин ўтказиляпти. Сепаратистлар мустақиллик бўйича референдумни талаб қилмоқда

Каталония минтақавий парламентига аввалги сайловлар 2021 йилда бўлиб ўтган эди. Ҳозирги овоз бериш муддатидан олдин ўтказилмоқда. Улар, Испания бош вазири Педро Санчеснинг сўзларига кўра, Каталониядаги вазиятни юмшатиш ва унинг мустақиллиги тарафдорлари позициясини заифлаштириш учун мўлжалланган каталониялик айирмачиларга амнистия эълон қилинишига маҳаллий сайловчиларнинг муносабатини кўрсатиши мумкин, деб ишонилади. Айирмачилар, ўз навбатида, Каталония мустақиллиги бўйича янги референдум ўтказишни талаб қилмоқда.

Мавзуга оид