Жаҳон | 07:45 / 13.05.2024
1459
2 дақиқада ўқилади

Литвада президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтади

Давлат раҳбари Гитанас Науседа ва бош вазир Ингрида Шимоните Литвада президентлик сайловларининг иккинчи босқичида курашади.

Фото: РИА Новости

Литвада президентлик сайловларининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. 13 май, душанбага ўтар кечаси маълум бўлишича, амалдаги давлат раҳбари Гитанас Науседа ва бош вазир Ингрида Шимоните иккинчи босқичда ўтиш ҳуқуқини қўлга киритган. Марказий сайлов комиссиясига кўра, овозларни санаб чиқиш натижаларига кўра, Науседа 44 фоиз, Шимоните эса 19 фоиз овоз олган. Сайловда 59,4 фоиз сайловчилар иштирок этган. 

«Ҳа, мен биринчи раундда ғалаба қозонишни хоҳлардим. Аммо, иккинчи раундда ғалаба учун курашишга тайёрман ва буни уддалай оламан деб ўйлайман», - дея Науседадан иқтибос келтиради Delfi. Шимоните, ўз навбатида, иккинчи босқичга ўтишини қуйидагича изоҳлади: «Ушбу босқичда менинг асосий мақсадим иккинчи босқичга чиқиш эди». 

Литва президентлигига сайловда жами саккиз нафар номзод иштирок этди. Улар орасида ҳуқуқшунос Игнас Вегеле, илгари антисемитизм кайфиятидаги баёнотлари туфайли мандатдан маҳрум қилинган Литва Сеймининг собиқ депутати Ремигиюс Жемайтайтис ва бошқалар бор. 

Литвада сайловларга параллел равишда референдум ўтказилмоқда 

Литвада президентлик сайловлари билан бир вақтда қўш фуқароликни қонунийлаштириш бўйича референдум бўлиб ўтмоқда. Бунинг учун конституцияни ўзгартириш керак. Янги норма тасдиқланиши учун уни сайлов ҳуқуқига эга бўлган мамлакат фуқароларининг камида 50 фоизи қўллаб-қувватлаши талаб этилади. 

1895 та сайлов участкасидан 1629 тасида сайлов бюллетенларини санаб чиқиш натижаларига кўра, сайловчиларнинг 71,6 фоизи икки фуқароликни ёқлаб овоз берган, 26,1 фоизи қарши чиққан. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид