Жаҳон | 08:09 / 26.11.2016
20570
2 дақиқада ўқилади

Россия бош вазирига берилган совға Испания ва Исроил ўртасида дипломатик можарога сабаб бўлди

Фото: Globallookpress.com

Испания ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Мадриддаги элчихонасига Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг Тель-Авивга ташрифи вақтида унга Испанияда ишлаб чиқарилган Sniper дрони совға қилингани бўйича норозилик билдирди ва бу дрон нима учун Медведевга совға қилингани бўйича тушунтириш берилишини талаб қилди. Бу ҳақда El País нашри хабар бермоқда. 

Дронни Медведевга Исроил қишлоқ хўжалиги вазири Ури Ариэль туҳфа қилган. 11 ноябрда Медведев Тель-Авив яқинида жойлашган қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрганда унга исроиллик агроном ва селекционерларнинг маҳсулотлари намойиш қилинган. Исроиллик вазир мева ва сабзавотлардан ташқари Медведевга Испанияда ишлаб чиқарилган дронни ҳам намойиш қилган. Медведев дронга шунчалик қизиқиб қолганки, вазир таржимон орқали дронни Россия бош вазирига совға қилишини айтган. Дрон эртасига Россия элчихонасига етказилган.

Нашрнинг таъкидлашича, Мадрид Исроил ҳукумати Испаниянинг Alpha Unmanned Systems SL. корхонасида ишлаб чиқарилган дронни совға қилишга ҳуқуқлари бўлмагани, уни учинчи шахсларга беришдан олдин ишлаб чиқарувчидан тегишли рухсат олишлари зарурлигини айтган. 

Испания ҳукумати бу совға Европа Иттифоқи томонидан Россияга қарши киритилган санкциялар режимига зид келишини, дрон эса бошқа мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган юқори технологик буюм сифатида қаралиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган. 

Таъкидланишича, Исроил бу дрондан иккита сотиб олган, уларнинг умумий қиймати 100 минг еврони ташкил қилган. Ушбу дронларни етказиб бериш бўйича шартномани тузишга бир неча йиллар талаб қилинган. 
 

Мавзуга оид