Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эроннинг ядро бомбаси яратиш имконияти қандай?
АҚШ-Исроил ҳамда Эрон ўртасида уруш бошланганига 3 ойдан ошди. Айни пайтда томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб боряпти. Энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири — расмий Теҳроннинг бойитилган уран захиралари ва уни ишлаб чиқаришга қўйиладиган кейинги чекловлар. Хўш, расмий Теҳроннинг ядровий қурол яратиш имконияти қандай? Мамлакатнинг ядро дастури қандай ривожланган?
Эрон ядро дастури
Эроннинг ядро дастури кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Жараённинг бошланиши ўтган асрнинг 50-йиллари охирига бориб тақалади. Энг қизиқ жиҳати шундаки, мазкур ташаббус Американинг бевосита ёрдами билан бошланган. 1957 йилда АҚШ президенти Дуайт Эйзенхауернинг “Тинчлик учун атом” ташаббуси доирасида Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасида ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланади. Дастур АҚШ иттифоқчиларига ядро қуроли яратишдан воз кечиш эвазига ядровий технологияларни тақдим этишни назарда тутарди. Ўша пайтда Эронда Ғарб мамлакатлари билан дўстона муносабатда бўлган шоҳ — Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳукмронлик қилар ва икки мамлакат ўртасидаги алоқалар жуда илиқ эди.
Ҳамкорликнинг дастлабки босқичидаги энг йирик ютуқ 1967 йилда Қўшма Штатлар томонидан қуввати 5 мегаватт бўлган Теҳрон тадқиқот реакторининг етказиб берилиши бўлади. Ўзининг халқаро ҳуқуқий тартиботга содиқлигини намойиш этиш мақсадида, шоҳ ҳукумати 1968 йилда Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани ҳам имзолайди. Ушбу ҳуқуқий базага таяниб Эрон раҳбарияти атом энергетикасини ривожлантириш бўйича улкан режаларини эълон қилади. Европа компаниялари билан фаол ҳамкорлик бошланади. Хусусан, Германиянинг Siemens концерни билан Бушеҳрда йирик атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома имзоланади.
Дастурнинг музлатилиши
1979 йилдаги Ислом инқилоби ва шоҳнинг ағдарилиши ядро дастурининг ривожланиш траекториясини тубдан ўзгартириб юборди. Оятуллоҳ Хумайний бошчилигидаги янги раҳбарият дастлаб ядро технологияларига Ғарб империалистик таъсирининг хавфли рамзи сифатида қаради. Халқаро шартномаларнинг аксарияти бекор қилинди, хорижий мутахассислар мамлакатни тарк этди, ядровий лойиҳалар эса кейинга қолдирилди ёки бутунлай бекор қилинди.
1980 йилда бошланган Ироқ билан уруш ишларни бутунлай тўхтатди, чунки барча ресурслар ҳарбий эҳтиёжларга йўналтирилади. Ироқ ҳарбий-ҳаво кучлари Бушеҳрдаги реактор майдонини бир неча бор бомбардимон қилди. Шу тариқа 1980-йилларнинг охирига келиб, Эрон ядро дастури молиялаштириш ва инфратузилма базасидан маҳрум бўлди.
“Амад” режаси
Ироқ билан бўлган қонли урушнинг аччиқ тажрибаси Эрон раҳбариятини миллий хавфсизлик доктринасини қайта кўриб чиқишга мажбур қилади. Техник жиҳатдан ўзининг заифлигини англаб етган ва халқаро яккаланишга дуч келган Теҳрон ядро дастурини қайта тиклаш бўйича стратегик қарор қабул қилади. Расмий равишда 1990-йилларнинг бошларида бошланган ва 1999 йилдан 2003 йилгача бўлган даврда энг юқори даражада ривожланган “Амад” лойиҳаси ядро қуролини яратишга қаратилган ўта махфий илмий-техник дастур бўлди. Лойиҳага 2020 йилнинг ноябрь ойида Исроил ва Ғарб давлатлари махсус хизматлари томонидан ўлдирилган физик олим, «Эрон бомбасининг отаси» дея нисбат бериладиган Муҳсин Фахризода раҳбарлик қилади. Айрим манбаларга кўра, “Амад” дастурининг бош мақсади узоқ масофага учувчи баллистик ракеталарга ўрнатишга яроқли ядро каллагини яратиш ҳамда ерости ядровий синовини ўтказишга тайёргарлик кўришдан иборат бўлган. 2002 йилнинг август ойида кутилмаганда қатъий сир тутилган иккита объект: Натанздаги уранни бойитиш заводи ва Аракдаги оғир сув реактори ҳақидаги маълумотлар ташқарига сизиб чиқиб кетади. Сунъий йўлдош тасвирлари ушбу майдонларда кенг кўламли қурилиш ишлари кетаётганини тасдиқлайди. Бу пайтда Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият ниҳоятда кескинлашиб кетганди. 2003 йил охирида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Ироққа бостириб киради. Эронга қарши ҳам худди шундай ҳарбий сценарий хавфининг пайдо бўлиши фонида “Амад” режаси тўхтатилади.
Эрон ядро бомба ярата оладими?
Эрон ҳукумати ядро қуроли яратиш режасидан бутунлай воз кечмайди. Кейинги йилларда ҳам дастур секинлик билан ўта махфий тарзда ривожлантирилди. 2015 йилга келиб, Барак Обама маъмурияти даврида тарихий ютуққа эришилганди. Узоқ йиллик музокаралардан сўнг, Эрон ва жаҳоннинг қудратли олти давлати ўртасида Венада Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси имзоланди. Келишув шарти оддий эди: Эрон ўзининг ядровий дастурини қурол яратмаслик кафолати билан чеклайди, бунинг эвазига эса Теҳронга нисбатан жорий этилган иқтисодий санкциялар бекор қилинади. Аммо умидлар узоққа чўзилмади. 2018 йилда АҚШнинг янги президенти Доналд Трамп ушбу келишувни “тарихдаги энг ёмон битим” деб атади ва Қўшма Штатларни келишувдан бир томонлама олиб чиқди. Эрон иқтисодиётига қақшатқич зарба берувчи “Максимал босим” санкциялари қайта жорий этилди. Ўз навбатида расмий Теҳрон ҳам уранни бойитиш ва уран захираларини ошириш, шунингдек, илғор центрифугалардан фойдаланишни фаоллаштирди. Кузатув ва мониторинг фаолияти учун ўрнатилган MAGATE’нинг барча ускуналари олиб ташланди.
Ядро бомбаси яратиш учун 90 фоиз даражасида бойитилган уран керак бўлади. Халқаро атом энергияси агентлиги маълумотларига кўра, Эрон ҳозирда уранни 60 фоизгача бойитишга эришган. 60 фоиздан 90 фоизгача ўтиш техник жиҳатдан нисбатан осон қадам ҳисобланади. Айрим манбаларда Натанз, Фордо ва Исфаҳон ядровий объектлари ҳудудида 60 фоизгача бойитилган 440 кг уран бўлиши мумкинлиги келтирилади. Бу 9 та ядровий қурол учун етарли миқдор. АҚШ разведкаси ва халқаро ташкилотларнинг хулосаларига кўра, Эрон бомба яратиш имкониятига максимал даражада яқинлашган, аммо уни амалда йиғмаган. Тайёр қуролга эга бўлиш учун расмий Теҳрон қуйидаги мураккаб техник босқичлардан ҳам ўтиши керак. Аввало, бойитилган уран газини металл ҳолатига келтириш лозим. Ундан кейин занжир реакциясини бошлаб берувчи мураккаб портлатиш механизмини лойиҳалаш ва синовдан ўтказиш талаб этилади. Шундан сўнг ядровий заряд баллистик ракетага жойлашиши учун етарли даражада кичрайтирилади. Мутахассисларнинг фикрича, қуроллаштириш жараёнини якунлаш учун 6 ойдан 2 йилгача вақт кетиши мумкин. Айни пайтда Эронда тайёр ядро қуроли йўқ ва мамлакат раҳбарияти қуролни тўлиқ йиғиш бўйича якуний қарор қабул қилмаган деб ҳисобланади. 2025 йил 21-22 июн кунлари АҚШ ва Исроил қуролли кучлари Эрон ядро дастурининг учта асосий объектига мисли кўрилмаган кучли зарбалар берди. Натанздаги объект бутунлай вайрон қилинди, Фордо ва Исфаҳондаги объектлар “ўта оғир зарар” кўрди. Эрон деярли барча ишлаётган центрифугаларини йўқотди. АҚШ Марказий разведка бошқармаси маълумотларига кўра, бу зарбалар Эрон ядро дастурини камида 2-2,5 йил орқага қайтарган.
Айни пайтда АҚШ ва Эрон расмийлари ўртасида урушни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказиляпти. Вашинтондагилар Теҳрондан ядро қуроли яратишдан бутунлай воз кечиш ва олдинги ядровий материалларни Эрондан олиб чиқиб кетишни талаб қиляпти. Расмий Теҳрон эса ҳар қандай чекловларни рад этган ҳолда захираларнинг мамлакатдан олиб чиқиб кетилишига қаршилик кўрсатяпти.