Колумбия ҳукумати авиаҳалокат қурбонлари сонига аниқлик киритди
Колумбияда бразилиялик футболчиларни олиб кетаётган самолёт ҳалокатга учраши оқибатида аввал хабар қилинганидек 75 киши эмас, 71 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ondo Cero радиоси Колумбия фалокатлар оқибатларига қарши кураш миллий маркази директори Карлос Иван Маркесга асосланиб хабар берган.
«Қидирув-қутқарув амалиёти якунланди: 6 киши жабрланган ва 71 киши ҳалок бўлган, самолётда жами 77 киши бўлган», — деган у.
Аниқлик киритилишича, охирги лаҳзаларда 4 киши учишдан бош тортган.
Авиаҳалокатдан 3 нафар футболчи омон қолди (Алан Рушел, Жексон Фольман ва Хелио Сампьер Нето), стюардесса Химена Суарес, журналист Рафаэл Хенцель ва авиатехник Эрвин Тумери. Ҳалокат жойида тирик ҳолда топилган Маркос Данило кейинроқ шифохонада жон берди.
Бундан аввалги хабарларда авиалайнер бортида 81 киши — экипажнинг 9 аъзоси, 72 йўловчи бўлгани айтилганди.
28 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 22:00да (Тошкент вақти билан 29-ноябрь тонги) Санта-Крус-де-ла-Сьеррадан (Боливия) Колумбиянинг Медельин шаҳрига учган CP-2933 рейси Медельин (Антиокия вилояти, Ла-Уньон тумани) шаҳрига етишга 20 км қолганида қулаб тушди. Тахмин қилинишича, авиаҳалокатга ёқилғи тугаб қолгани сабаб бўлган.
Бу рейсда Бразилиянинг «Шапекоэнсе» жамоаси футболчилари ва ходимлари, шунингдек, журналистлар учганди. Клуб Медельинга Жанубий Америка Кубоги финалида «Атлетико Насьональ»га қарши ўйинни ўтказиш учун кетаётганди. Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМЕБОЛ) қитъадаги барча халқаро ўйинларни, жумладан финал учрашувини номаълум муддатга қолдирди.
Мавзуга оид
00:47 / 26.10.2024
Италиялик наркосавдогар Эскобар қабри олдида суратга тушганидан кейин қўлга олинди
18:57 / 22.10.2024
Колумбияда Италия мафияси етакчиси қўлга олинди
11:10 / 22.10.2024
Колумбияда 2023 йилда рекорд миқдорда кокаин ишлаб чиқарилди
12:23 / 13.08.2024