Жамият | 13:49 / 30.11.2016
6348
2 дақиқада ўқилади

Наманганда гиёҳванд моддалар савдоси билан қўлга тушганлар узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: ZN.ua

Иззат Ғайбуллаев ва Сардор Машариповлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) иккиси ҳам муқаддам жиноят содир этиб, судланганликларига қарамай, яна жиноятга қўл уришди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

2015 йилнинг бошларида И. Ғайбуллаев Қирғизистон Республикаси фуқароси Шокир исмли шахс билан танишиб қолди. Таниши унга гиёҳванд моддаларни чегарадан олиб ўтиб беришга ваъда берди. И. Ғайбуллаев эса уларни пуллашга аҳд қилди. Ана шундай кунларнинг бирида у Сардор Машариповни учратди. У ғиёҳванд моддаларни унинг ёрдамида сотишга киришди.

2015 йилнинг 14 сентябрь куни И. Ғайбуллаев Равшан исмли шахс орқали Шокирдан 3500 АҚШ доллари эвазига 1 кг. 264 грамм “гашиш” гиёҳванд моддасини сотиб олди. 500 грамини Сардор Машариповга сотиш учун берди. 
Аммо Сардор Машарипов Наманган шаҳридаги “Яшил деҳқон бозори” ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди ва “мол”ларни кимдан олганлигини айтиб берди.

И. Ғайбуллаевнинг шахсий автомобили холислар иштирокида кўздан кечирилганида, машинанинг том қисмидан 2 бўлакдаги 757,18 грамм, ҳужжатлар сақланадиган қутидан эса 3,12 грамм, автомашина олд ўриндиғидан 2,53 грамм “гашиш” топилди.
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди И.Ғайбуллаев ва С.Машариповни ўн уч йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

 

Мавзуга оид