Спорт | 18:24 / 02.12.2016
11127
2 дақиқада ўқилади

Олий Лига тўпурари Темурхўжа Абдуҳолиқов хориж клубига ўтиши мумкин

Фото: «Локомотив» ФК

Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси ҳужумчиси Темурхўжа Абдуҳолиқов мавсумдаги иштироки орқали Осиёнинг бир қатор клублари назарига тушган.

«Амалдаги шартномам йил охиригача. Менга хорижий клублардан қизиқиш билдирилаётганидан хабардорман. Бундай таклифлар кўп эмас, аммо Малайзиядан аниқ таклиф келиб тушган. Ўзимни хорижий чемпионатда синаб кўришни жуда истайман», деган у sports.uz мухбири билан суҳбатда.

У «Локомотив»да қолиши имкониятлари ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарган: «Ҳеч қачон ҳеч қачон демайман!».

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаяннинг талабларига жавоб бермайдиган Темурхўжа Абдуҳолиқов 22та гол уриб, Олий Лига тўпурари бўлди. У Ўзбекистон кубоги финалида  «Насаф»га қарши ўйиндаги ягона голни уриб, жорий мавсум чемпиони «Локомотив»га «олтин дубль» қайд этиш имконини тақдим қилди.

Маълумот учун, Абдухолиқов 2014 йилнинг февраль ойида «Хайдук» билан шартнома имзолаганди. У Хорватияда 2015 йил январига қадар бўлди.

Бироз аввалроқ Абдуҳолиқов Малайзиянинг «Т-Тим» клубида фаолиятини давом эттириши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Клуб скаутлари «Локомотив»нинг 29-турдан жой олган «Металлург»га қарши ўйинини стадионнинг ўзидан томоша қилган. Аввалроқ мазкур клуб сафида ўзбекистонлик футболчилардан Садриддин Абдуллаев ҳамда Фарҳод Тожиев ҳам тўп тепган бўлиб, ҳар икки футболчи айнан «Локомотив»даги ўйинлари орқали малайзияликлар эътиборига тушганди.

Мавзуга оид