Спорт | 16:52 / 29.10.2022
35305
8 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳал қилади: Чемпионлик 21 йил ўтиб, пойтахтдан ташқарига чиқадими?

Суперлигада сўнгги марта қачон ҳозиргидек чемпионлик интригаси пайдо бўлганини энг тажрибали мухлислар ҳам эслаши қийин. Сабаби охирги 10 йилликни олсак ҳам Ўзбекистон чемпиони номи одатда камида уч тур олдин аниқланган бўларди. Бу мавсум эса «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив»нинг олтин даврлари билан ўтган Тошкент клубларининг 21 йиллик ҳукмронлигига ниҳоят барҳам берилиши мумкин.

Фото: Пахтакор

23-тур баҳсларидан кейин Суперлигада чемпионлик учун кураш янада қизиди. Тошкент клубларидан «Бунёдкор» Қаршидаги драматик ўйинда (1:1) пешқадам «Насаф»дан очко тортиб олган бўлса, «Олимпик» Наманганда  «Навбаҳор»дан (1:1) очко олиб, «Пахтакор»нинг 2-ўринга чиқишига «ҳисса» қўшди. Натижада олтин медалга даъвогарлар – Қарши, Тошкент, Наманган жамоаларини турнир жадвалида бор йўғи 2 очко ажратиб турибди. Жамоаларни кутиб турган ҳал қилувчи сўнгги 3 ўйинига назар ташлаб, чемпионлик масаласи пойтахтда ҳал бўлишини тушуниш қийин эмас.

1. «Насаф» - 46 очко

Сўнгги 3 турдаги ўйинлари:

24-тур. «Насаф» - «Динамо» (3 ноябрь)

25-тур. «Насаф» - «Нефтчи» (7 ноябрь)

26-тур. «Олимпик» - «Насаф» (11 ноябрь)

Турнир жадвалидаги вазиятдан келиб чиқилса, «Насаф»нинг тақвими нисбатан осондек кўринади. Рўзиқул Бердиев шогирдлари Бухородаги кубок финалидан 4 кун ўтиб, Қаршида мусобақа аутсайдери «Динамо»ни қабул қилади. Вадим Абрамов мураббийлигидаги клуб элита билан хайрлашиши расман маълум бўлгач, пешқадамга қарши қандай мотивация билан ўйнаши номаълум. Катта эҳтимол мезбонлар чемпионлик сари навбатдаги қадамни ташлайди.

7 ноябрь куни эса «Насаф» «Нефтчи»ни қабул қилади. Левченко шогирдлари кетма-кет ғалабалардан кейин лигада қолиш вазифасини бажаргач, охирги 3 ўйинда омадсизликка учради – 2 мағлубият ва 1 дуранг. Ҳимояда анча тартибли ўйнаётган фарғоналиклар «Насаф»га муаммо яратишга уринишади, аммо 10 йилдан буён Қаршида ғалаба тугул, дуранг ҳам қайд этмаган «Нефтчи»нинг Саркисян давридан буён давом этаётган қора анъанага чек қўйишига ишониш қийин.

Фото: Насаф ФК

«Насаф» учун чемпионлик ўйинига айланиши мумкин бўлган тўқнашув Тошкентда ўтади. Воҳаликлар 8 кун ичидаги 3-ўйинида «чақилмас ёнғоқ» жамоага айланишга улгурган «Олимпик»га қарши саф тортади. Темур Кападзе шогирдлари 1-даврада Қаршидан очко билан қайтганди. Бу сафар ҳам ўзига хос сенсация қайд этишга уриниши аниқ. Ҳар ҳолда бу йил «олимпиячилар»ни Суперлигада на «Навбаҳор», на «Пахтакор» мағлуб эта олди. Кападзе – Бердиев тўқнашувида «Олимпик» бу сафар ҳам «Насаф»дан очко тортиб олса, дастлабки триога мағлуб бўлмаган ягона жамоага айланади ва бу орқали «Пахтакор» ёки «Навбаҳор»га катта ёрдам бериши мумкин.

2. «Пахтакор» - 45 очко

24-тур. «Пахтакор» - «Сўғдиёна» (3 ноябрь)

25-тур. «Пахтакор» - «Қизилқум» (7 ноябрь)

26-тур. «Бунёдкор» - «Пахтакор» (11 ноябрь)

Сўнгги турда Тошкент жамоаларининг «Насаф» ва «Навбаҳор»дан очко тортиб олиши «Пахтакор»нинг навбатдаги чемпионлик сари имкониятларини сезиларли даражада оширди. Чунки Максим Шацких шогирдлари 9 кун ичидаги сўнгги 3та турда ҳам Тошкентдан ташқарига чиқмайди. Тиғиз вақт ва зич тақвимда сафарларга чиқмай, ўз қароргоҳида тайёргарлик кўриш қанчалик катта аҳамиятга эга эканини мураббийлар штаби яхши билади.

Таққослашингиз учун, «Навбаҳор» кубок финали билан ҳисоблаганда 12 кун ичидаги 4 ўйин учун Намангандан қарийб 800 км йўл босиб Бухорога бориши, кейин эса Тошкент келиши («Локомотив» билан ўйин), 4 кун ўтиб Бекободдаги ўйинга («Металлург») бориши ва Наманганга қайтиб, 11 ноябрь куни майдонга (ОКМК) тушиши керак. «Насаф» ҳам Қаршидан Бухорога финални ўтказиб қайтиши, «Динамо» ва «Нефтчи»га қарши ўйнаб, 450 километр масофани босиб, «Олимпик»га қарши баҳс учун Тошкентга келиши лозим. Кўриниб турибдики, Суперлиганинг ҳал қилувчи палласидаги ўзига хос «Boxing day» «Пахтакор» учун айни муддаодек кўринмоқда.

Фото: Пахтакор ФК

Қолаверса, «Пахтакор» кейинги икки турда совринли ўринлардан умидини узиб, ҳаттоки аутсайдерларга ҳам очко улашишда давом этаётган «Сўғдиёна» ва «Қизилқум»ни қабул қилади. Сўнгги 26-турда эса ҳамшаҳри «Бунёдкор»га қарши саф тортади. Бошкович шогирдлари «Навбаҳор»ни мағлуб этиб, «Насаф»дан очко тортиб олиб, энди «Пахтакор»га уч очкони шунчаки қўшқўллаб топширмаслиги аниқ. 

3. «Навбаҳор» - 44 очко

24-тур. «Локомотив» - «Навбаҳор» (3 ноябрь)

25-тур. «Металлург» - «Навбаҳор» (7 ноябрь)

26-тур. «Навбаҳор» - ОКМК (11 ноябрь)

Уч даъвогар орасида «Навбаҳор»нинг тақвими нисбатан қийинроқ. Самвел Бабаян шогирдлари Бухородаги финалдан кейин 3 ноябрь куни «Локомотив»га қарши саф тортади. Тошкентдаги ўйин «темирйўлчилар» учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Коростиченко мураббийлигидаги «Локо» Наманган клубига ҳам мағлубиятга учраса, «Динамо»дан кейин лигани тарк этишга асосий даъвогарга айланади. Бу жамоа ўзаро охирги уч ўйинида «Навбаҳор»га фақат мағлуб бўлмоқда.

Фото: Локомотив

«Лочинлар»нинг 7 ноябрь кунги парвози Бекободда бўлади. Испан мураббийлари қўл остидаги «Металлург» Суперлигадаги сўнгги 5 ўйинидан 4тасида ғалабага эришганини инобатга олсак, «Навбаҳор»ни навбатдаги жиддий синов кутиб турибди. Водийликлар 1-даврада ҳам «Металлург»ни мағлуб эта олишмаганди (0:0).

Қолаверса, якуний турдаги ОКМКга қарши кечадиган баҳс ҳам осон кечмаслиги аниқ. Сабаби, учликдан ташқари, фақатгина Миржалол Қосимов шогирдлари ҳали бронза медалидан умидини узгани йўқ. «Навбаҳор» сўнгги тургача очко йўқотмаган тақдирда ҳам, 11 ноябрь куни «Бунёдкор» ва «Олимпик»дан умид қилишга мажбур. Мўъжиза рўй берсагина бош соврин довон оша водийга йўл олиши мумкин.

Хулоса

Тақвимдан кўриниб турибдики, катта эҳтимол билан интрига сўнгги турнинг сўнгги дақиқаларигача давом этади ва барчаси 11 ноябрь куни Тошкентда ҳал бўлади. Пойтахт клубларининг 21 йиллик ҳукмронлиги давом этиши ёки чемпионлик Тошкентдан ташқарига чиқиши, фақат «Насаф» ё «Навбаҳор»га эмас, Тошкент клубларининг сўнгги турдаги натижасига ҳам боғлиқ. Агар, унгача майдондаги учинчи жамоа – ҳакамлар аввалги ўйинларда кузатилган чемпионлик тақдирига таъсир қилувчи хатоларга йўл қўйишмаса...

Усмон Ибодов

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи