Тайванлик келинга отаси 6 километрли фата совға қилди
Тайвандаги меҳмонхона бизнеси билан шуғулланувчи маҳаллий компаниялардан бирида директорлар кенгашини бошқарувчи хитойлик ишбилармон Чжэн Юэцай ўз қизига ажойиб тўй совғаси - 6 километрдан иборат фата тақдим этди. "Наньфан душибао" газетасининг хабар беришича, келиннинг кетидан бундай узун фатани ушлаб юриш учун 560 кишини жалб қилишга тўғри келган.
Ҳозирда ушбу олти километрли мато бўлаги Гиннеснинг рекордлар китобига тушиш ё тушмаслиги аниқлаштирилмоқда. Келиннинг отаси фикрича, 1 миллион юанга (тахминан 145 минг доллар) харид қилинган фатанинг рекордлар китобига тушиш имкони мавжуд.
"Унинг устида энг яхши дизайнерлар ишлагани ва уч ой давомида қўлда тикилгани бежиз эмас, ахир", - дейди ишбилармон.
У қизининг турмуши шу фатадек узун бўлишини тилаган ҳолда ана шундай фатага буюртма берганлиги таъкидланган.