Жаҳон | 22:04 / 16.12.2016
5616
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Мўсулдаги операция туфайли 100 минг ироқлик ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган

Фото: Reuters

Ироқнинг Мўсул шаҳрини ИШИД жангариларидан озод қилиш бўйича 17 октябрда бошланган операциядан кейин 100 минг ироқлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Бу ҳақда БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълум қилди.   

"Мўсулдаги ихтилофнинг 3-ойи бошланмоқда, мажбурий кўчган одамлар сони эса 100 мингга яқинлашмоқда", деб айтди Женевадаги матбуот-анжуманида бошқарманинг расмий вакили Эдриан Эдвардс. Унинг айтишича, охирги маълумотларга кўра, ўз уйини 96864 киши тарк этган. Бу одамлардан 57 мингга яқини бошқарма ёрдамини олувчи лагерларда жойлаштирилганлар.

Ҳозирда мўсуллик қочқинлар бошқармадан ёрдам оладиган 6 та лагерга жойлаштирилмоқдалар. Яна учта лагер қурилиши олиб борилмоқда ва бу 9 лагер умумий ҳисобда 102 кишини қабул қила олади. Эдвардснинг айтишича, Мўсулдаги ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ гуманитар операциялар учун донорлардан 196,2 млн доллар сўралган. Бироқ бу сумманинг ҳозирча фақат 57 фоизи йиғилган.

Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Мўсул 2 йилдан кўпроқ вақтдан бери жангарилар назоратида қолмоқда ва ИШИДнинг Ироқдаги норасмий пойтахти ҳисобланади. Шаҳарни озод қилиш бўйича операция 17 октябрда бошланган ва унда Ироқ ҳукумат қўшинлари, шиа лашкарлари ва "пешмерга" курд тузилмаси жангчилари иштирок этмоқдалар. Уларга Ироқ ҳарбий-ҳаво кучлари ва АҚШ бошчилигидаги коалиция авиацияси кўмак кўрсатмоқда.

 

Мавзуга оид