«Эвертон» – «Ливерпуль»: Ўйиндан олдин
АПЛнинг 17-турини Мерсисайд дербиси ёпиб беради.
Бугун АПЛнинг навбатдаги турида «Эвертон» ва «Ливерпуль» жамоалари ўзаро учрашади. Бу жамоаларнинг 227-марта учрашиши бўлади. Икки жамоа ҳам ҳафта ўртасида ўтказилган тур ўйинларида ғалабаларга эришишган ва бу ўйинга яхши кайфиятда етиб келишган. «Ирислар» жамоаси турнир етакчиларидан бири «Арсенал»ни енгган ва Роналд Куманнинг 5та ўйиндан иборат ғалабасиз серияси якунланганди.
Жорий мавсумда «Эвертон» уй учрашувларида ютқазмади, аммо «Ливерпуль» билан учрашувлар статистикаси кўнгилдагидек эмас: 11 учрашувдан буён ғалаба йўқ. Жамоа охирги ўзаро учрашувларнинг 19тасида атиги битта ғалабага эришган. «Қизиллар» бугун ҳам ғалаба қозонса турнир жадвалида «Челси»га яқинлашиб олади.
«Ливерпуль» охирги 6 ўйиндан 4тасида гол ўтказиб юбормаган. Дерби арафасида ҳам жамоа мудофаасида йўқотишлар йўқ. Ҳужумчи Дэниел Старриж ва Эмре Жан эса жароҳатлар туфайли бугунги ўйинда иштирок эта олмайди. Клопп шунингдек, Филиппе Коутиньо ва Дэнни Ингзни анча вақтга йўқотган.
«Эвертон» дербида Муҳамед Бешич, Янник Болази (иккиси ҳам тиззасидан жароҳатланган) ва Фил Жагелка (дисвалификация) хизматларидан фойдалана олмайди.
Ўйиндан олдинги фикрлар
Юрген Клопп: «Гудисон Парк» қозондек қайнаб туриши мени қўрқитмайд. Бу футбол. Мен шундай муҳитни ёқтираман. Бундай рақиб биз ўз ўйинимизни ранг-баранг қилишга мажбурлайди холос. Биз нимага қодир бўлсак, шуни намоён этишимиз керак.
Ўта ҳужумкор ўйнашимиз керак, аммо чегарадан чиқмаслик ҳам керак. Кучни тенг тақсимлашга ҳаракат қиламиз. Биз трибуналарда мухлисларимиз бизни қўллаб-қувватлаб қўшиқ куйлаб туришини истаймиз. Уларнинг шовқин солиши бизга куч беради».
Роналд Куман: «Эсимда, ўтган мавсумда «Саутҳемптон» мураббийи эканимда «Ливерпуль» билан ўйнагандик. Биз 0:2 ҳисобида ортда қола туриб, якунда ўйинни 3:2 ҳисобида ўз фойдамизга ўзгартира олгандик. Бундай ўйинлар ҳамиша муҳим. Мен футболчи эканимда нидерландча дербиларда иштирок этганман».
Рақамлар гапирганда
– Премьер-лигадаги ҳеч бир қарама-қаршиликда бу дерби баҳсларидаги каби кўп қизил карточка кўрсатилмаган(21). 11та қизил карточка «Гудисон Парк»даги ўйинларда кўрсатилагн ва бу рекорд натижа.
– «Ливерпуль» «Эвертон»га Англия чемпионати доирасида 11 учрашувдирки мағлуб бўлмаяпти (4 ғалаба, 7 дуранг). Охирги марта «қизиллар» дербида шу каби серияни 1979 йилнинг мартидан 1984 йил мартигача давом эттиришган.
– «Эвертон» охирги 19 дербидан (АПЛ доирасида) фақат биттасида ғалабага эришган. Бу 2010 йил октябрида «Гудисон Парк» ўйингоҳида рўй берганди.
– Дэниел Старриж АПЛ доирасида «Эвертон»га қарши охирги 5 ўйинда 4та гол урган.
– Ромелу Лукаку АПЛ доирасида «Ливерпуль»га қарши кечган охирги 8 учрашувда 5та гол урган.
– Мерсисайд дербиси душанба куни бўлиб ўтиши АПЛ тарихида олтинчи марта рўй берган. Душанба кунги дербиларнинг 3тасида «Эвертон» ғалаба қозонган, биттасида ютқазган ва 2 дуранг қайд этилган.
– Ромелу Лукаку (9 гол + 3 ассистентлик) ва Адам Лаллана (6+6) ўз жамоаларининг бу дербиларда 12тадан голида иштирок этган футболчилар бўлиб турибди.
– Дивок Орижи айни вақтда «Ливерпуль»нинг охирги 5та учрашувида гол урган ягона футболчисидир. Бундай узун самарали серия «қизиллар» жамоасида 2014 йилнинг февралидан буён кузатилмади, ўшанда Дэниел Старриж жамоанинг кетма-кет 8 учрашувида гол урганди.
Ўйиндаги қора либосли кишилар
Мерсисайдда Майк Дин бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси ишлайди. Бу мавсумда бу ҳакам 15 учрашувни бошқарди ва 63та сариқ карточка кўрсатди, 3 марта қизил рангдаги карточкани чўнтагидан олди ва 9 марта пенальти белгилади.
Динга қанотларда Адриан Холмс ва Саймон Лонг ёрдам беради. Захира ҳаками Ли Мэйсон.
Тахминий таркиблар
«Эвертон»
«Ливерпуль»
Мавзуга оид
16:21 / 14.07.2023
Деле Алли «ёрилди». Болаликда тажовузга учрагани, руҳий муаммолар, Почеттино ва Моуриньо ҳақида
12:21 / 16.03.2023
«Ливерпул» яна бир шармандаликдан қутулиб қолди, аммо кейинги босқичга «Реал» ўтди. ЕЧЛда кун ўйинлари
19:42 / 07.11.2022
«Ливерпуль» клуби сотувга қўйилди
14:35 / 23.08.2022