«Манчестер Юнайтед» – «Эвертон» 0:1
Гол: Дюсбери-Ҳолл, 29 (0:1)
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, де Лигт, Шоу, Йоро, Бруну Фернандеш, Каземиро (Далот, 58), Доргу (Майну, 58), Мазравий (Маунт, 46), Диалло, Мбемо, Зиркзе
«Эвертон»: Пикфорд, Кин, Тарковски, Миколенко, Коулман (О`Брайен, 10), Гуйе, Гарнер, Дюсбери-Ҳолл (Алкарас, 88), Грилиш (Макнейл, 88), Ндиай (Ироэгбунам, 82), Барри (Бету, 82)
Огоҳлантиришлар: Мбемо, 45. Каземиро, 50
Четлатиш: Гуйе, 13

«Манчестер Юнайтед» АПЛнинг 12-тур ўйинларидан кейин кучли тўртликка кириб олиши мумкин эди. Бунинг учун жамоа ўз уйида «Эвертон»ни мағлуб этиши талаб этиларди. Бу рақибга қарши «Олд Траффорд»даги сўнгги мағлубият 2013 йилда – Дэвид Мойеснинг «МЮ»даги илк мавсумида рўй берганди. Энди эса шотландиялик мураббий «Эвертон» бош мураббийи сифатида ушбу стадионга ташриф буюрганди.

Ўйин старти воқеаларга бой кечди. Ўйиннинг 10-дақиқасидаёқ «Эвертон» сардори Шеймус Коулман сафдан чиқди. Ҳолбуки клуб афсонаси АПЛнинг жорий мавсумида илк бор бошланғич таркибдан ўрин олганди. Аммо 37 ёшли ирландиялик ҳимоячи яна жароҳат олди ва меҳмонлар устози кутилмаган алмаштириш амалга оширишга мажбур бўлди.

Сардор йўқлигида «Эвертон» футболчилари орасида фавқулодда ҳодиса юз берди. Жамоадошларнинг ўзаро жанжалидан кейин улардан бири майдондан четлатилиши камёб ҳодиса ҳисобланади. Ва «Олд Траффорд»да йиғилган мухлислар айнан шундай ҳодисага гувоҳ бўлишди. Ўйиннинг 13-дақиқасида «МЮ» ҳужуми вақтида «Эвертон» яримҳимоячиси Идрисса Гуйе тўпни эгаллаб олди ва ўз яқинида турган ҳимоячи Майкл Кинга узатди. Аммо ҳимоячи уни тушунмади ва тўпни қабул қилмади, натижада тўпга эга чиққан Бруну Фернандеш хавфли зарба йўллади.

Кин сенегаллик жамоадошини жарима майдони ичида бундай таваккалчилик қилгани учун койиди, Идрисса эса унга ташланиб қолди ва унинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Вазиятни яқиндан кузатиб турган бош ҳакам Тони Ҳаррингтон эса дарҳол чўнтагидан қизил карточкани чиқарди.

Кин ҳам жамоадошига бақириб, уни майдонни тарк этишга ундай бошлади, Идрисса эса майдонни тарк этишни истамасдан, яна Кинга ҳужум қилмоқчи бўлди, фақат дарвозабон Жордан Пикфорд ва яримҳимоячи Илиман Ндиайенинг ўртага тушиши вазият янада ёмонлашишининг олдини олди, шундан кейин футболчи кийим алмаштириш хонасига йўл олди.