Жамият | 18:33 / 23.12.2016
6409
4 дақиқада ўқилади

Аввал уч маротаба судланган эркак бировларнинг мол-мулкини ўғирлаб сотгани сабаб яна қамалди

Фото: Getty Images

Урганчлик Наримон Эшимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам уч маротаба суднинг қора курсисига ўтирган. Уч фарзанднинг отаси. Ёши ҳам қирққа яқинлашиб қолган. Ундай бўлса, ақлини йиғиштириб олгандир, қилмишларига пушаймон бўлиб, ўз ҳаётини изга солишга уринаётгандир, деб ўйласангиз, янглишасиз.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, “Бекор юрса, яна жиноятга қўл уриши мумкин, унга иш топиб берсам, зора, оиласига фойдаси тегса, болаларини ҳалол едириб, ичирса”, деган ўй билан қайнотаси уни ёнига ишга таклиф қилади. Бу пайтда қайнота Урганч туманидаги “Чолиш” шаҳарчаси ҳудудида намунавий уй-жой қурилиши билан шуғулланаётган МЧЖда ишларди. Жамият раҳбарининг ҳам йигитга ичи ачиди.

-  Қурилиш ишларига қарашиб юрсанг, ҳақингни оласан, - дея ишга қабул қилди.

Н.Эшимов келишилган иш ҳақини олиб, иш бошлади. Бу орада МЧЖ раҳбарининг ишончига кирди.

-  Уйқусизликдан қийналяпман. Шу яқин ўртадан уй топиб берсангиз, ижарада яшардим. 

-  Ёрдам бераман. Бу ҳудудда бўш уйлар топилади. 11-уйнинг эгаси бошқа жойда яшайди. Ҳар замонда келиб хабар олиб туради. Ўша билан гаплашиб кўраман, - деди раҳбар.

Кўп ўтмай, ваъдасидан чиқди. Уй эгасини топиб, ишчиси билан таништирди. Наримоннинг ҳаётдан қийналгани, уч нафар фарзандни едириб-ичириш осон бўлмаётгани ҳақидаги гапларидан унинг кўнгли эриб кетди.

-  Ўғлим, сен сиқилма. Ана, уйимиз бўш турибди. Болаларингни олиб, кўчиб ўтавер. Менга ижара пулинг ҳам керакмас. Уйимга қараб ўтирсанг, бўлди.

Барча қулайликларга эга бўлган уйда яшай бошлаган Н.Эшимов кунларнинг бирида шаҳардаги қаҳвахонага кириб, спиртли ичимлик истеъмол қилди. Аммо хумори босилмади. Уйга қайтгач, кўнгли яна ичкилик истади. Чўнтагидаги пулнинг камлиги панд берди. Шунда хаёлига янги режа келди. Бу атрофдаги уйларнинг барчаси янги. Деярли кўпчилигида ҳеч ким яшамайди. Уйларга янги маиший жиҳозлар ўрнатилган. Уларни ўғирлаб сотса борми...

Рўпарасидаги уйнинг дарвозасидан ошиб тушди. “Раковиналар”, “смесител”лар, газ плитасини олиб ўзи яшайдиган уйга келтириб қўйди. Кейин навбатдаги, ундан кейин яна ва яна... қўшни уйлардаги маиший жиҳозлар ва идиш-товоқлар, нимани сотишга яроқли, деб ҳисобласа, ўғирлаб уйига келтирди. Шу тариқа бешта хонадонга ўғирликка тушди. Уларни бирин-кетин бозорга олиб чиқиб, “Пулга зарурлигимдан уйимдагини сотяпман. Иш ҳақимга беришди. Танишим сотиб беришимни илтимос қилди”, деган баҳоналар билан ўз нархидан арзон баҳоларга сота бошлади.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача, дейди халқимиз. Ўзгалар ҳурматини суиистеъмол қилган, яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтарган Н.Эшимовнинг қилмишлари қонун ҳимоячилари томонидан фош этилди, у суд олдида жавоб берди. Энди Н.Эшимов умрининг маълум қисмини яна панжара орқасида ўтказишга мажбур.

Мавзуга оид