Фан-техника | 17:30 / 03.01.2017
16665
7 дақиқада ўқилади

2017 йилда кутилаётган 11 технология тренди

2017 йил инновацияларга бой бўлишига шубҳа йўқ, уларнинг баъзилари ҳаётингизни ўзгартириб юборади, бошқалари эса ўзингиз сезмаган ҳолда ҳаётнинг бир қисмига айланади. Mashable нашри 2017 йилнинг энг асосий технотрендларига доир маълумот билан бўлишди. 

Виртуал реаллик

Фото: Insider.Pro

2016 йилда виртуал реаллик технологиялари олдинга жадал қадам ташлади, бироқ улар бизнинг ҳаётимизга инқилобий ўзгаришларни олиб кирмади. Бу мавзу 2017 йилда ҳам долзарблигича қолиб, улар қизиқарли техник янгиликдан ҳаётнинг турли жабҳаларига татбиқ этилувчи амалий қарорлар ечимига айлана бошлайди. 

2017 йилда янги қурилмалар у қадар кўп ишлаб чиқарилмаслиги мумкин, лекин VR интеграция лойиҳалари кўп бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари, 2017 йилда инсон ва виртуал реалликнинг ўзаро алоқаси йўлга қўйилади. Шунингдек истеъмолчи контентининг (ўйинлар, тўлиқ метражли фильмлар, тв-шоулар ва концертлар) кескин ўсишини ҳам тахмин қилиш мумкин. 

Тўлдирилган реаллик

Фото: Insider.Pro

VR энди қанот қоққунча тўлдирилган реаллик 2017 йилнинг ҳақиқий юлдузига айланади. Яқинда Microsoft'га тегишли Windows Holographic платформасида бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг бир қатор қурилмалари намойиш этилди. Бундан ташқари, 2017 йилда Apple, ниҳоят, бойитилган реаллик (виртуал эмас) билан шуғулланади. 

Тўлдирилган реаллик ҳаётимизга илгарироқ кириб келади, чунки у телефонларда ишлайди, бунинг учун қўшимча кўзойнаклар харид қилишга тўғри келмайди. Биринчи тажрибага эга бўлган истеъмолчи махсус гарнитурларга интила бошлайди - вақт эса бизнесда янги, қизиқ контентнинг пайдо бўлишини таъминлайди. 

Биринчи навбатда бу, албатта, ўйинлар ва ўйинчоқлар серияси (Star Wars ўйинчоқлари бу йўналишда катта қадам ташлашга улгурди), шунингдек уларни бизнесда, хусусан, чакана савдода қўллаш. Эҳтимол, сирли Magic Leap стартапи ҳам бирор янгилик яратар. 

Янги экранлар

Фото: Insider.Pro

Юқорида номлари қайд этилган визуал янгиликлардан янги смартфонларнинг 4K-экра¬нлари орқали баҳраманд бўлиш мумкин. Бугун телевизион экранлар билан ҳеч кимни ажаблантириб бўлмаса керак - 3D ва ботиқ сатҳ у қадар машҳур бўлмади - дисплейлар ишлаб чиқарувчилари доим биз билан бўлган экранларга диққатни қаратишга қарор қилишди.

Смартфонлар OLED-экра¬нлар туфайли янада юпқалашади ва батареяда узоқроқ ишлайди. UHD-экранлар 2015 йилдаёқ пайдо бўлган, лекин негадир тўхтаб қолган. 2017 йилда ҳаммаси ўзгариши кутилмоқда. Гап фақат телефон экранида Full HD'ни UHD'дан фарқлай олиш ё олмаслигмизда. 

Сўнгги вақтларда ботиқ экранлар ҳақида кўп гапирилмоқда, лекин яқин йилларда бундай телефонларнинг чиқарилиши даргумон - афсуски, ишлаб чиқарувчилар ҳозирча бу технологияни истеъмолчига қулай қилиб қўллаш ҳақида ўйлаб кўришмади. Яқин келажакда "юпқа" телефонлар "мослашувчан"ларидан муҳимроқ аҳамиятга эга бўлади. 

Сунъий интеллект 

Фото: Insider.Pro

Албатта, сунъий интеллект — жуда қизиқ. 2016 йилда машина таълими популяризацияси ва бу технологияларни рақамли ёрдамчиларда қўллай бошланди.

2017 йилда сунъий интеллектли (СИ) қурилмалар бозоридаги рақобат кескинлашади: Microsoft ўзининг Cortana қурилмасини намойиш қилади, Apple ҳам ўз Siri'си учун жисмоний шаклни топади. 

Шуни таъкидлаш керакки, муҳокама қилинаётган барча технологиялар орасида кундалик ҳаётимизда энг кўп татбиқ этиладигани сунъий интеллект бўлади - у жорий қилинган сервис ва иловалар сони кун сайин ошиб боради. 

Бундан ташқари, сунъий интеллект янада ақллироқ бўлиб боради. 

Инсон танаси имкониятларини кенгайтириш

Фото: Insider.Pro

Ўтган йили жониворларни имитация қилувчи роботлар соҳасида муайян ютуқларга эришилганини таъкидлаш мумкин эди - Pepper, Asimo ва Boston Robotics компанияларини ёдга олиш кифоя - бироқ бизнинг уйларимизда буларнинг бари ҳали бери пайдо бўлмайди. 

Шунга қарамай, 2017 йилда сезиларли силжишлар рўй беради: биринчи навбатда, янги авлод экзоскелетлари ва роботлаштирилган протезлари соҳасида. Улар туриш ёки юришга қийналувчи кишиларга ёрдам беришга мўлжалланган. Умуман олганда, Темир одам аста-секинлик билан реалликка айланиб бормоқда. 

Аккумуляторлар

Фото: Insider.Pro

2016 йил аккумуляторлар ишлаб чиқаришдаги кичик эҳтиётсизлик жуда қимматга тушишини кўрсатиб берди. Шу боис 2017 йилда бизнес батарея сиғими ва хавфсизлиги устида иш олиб боришни давом эттиради. Эҳтимол, бозорда литий-металл технологиянинг илк намуналари пайдо бўлар. 

Хавфсизлик, конфидециаллик ва биометрия

Фото: Insider.Pro

2016 йилда шахсий маълумотларни бузиб кириш ва ўғирлаш ҳолатлари кўп бўлди. Афтидан, хавфсизликни таъминлаш учун шунчаки мураккаб паролнинг ўзи етарли эмас кўринади. 

2017 йилда биз бармоқлар, юз, кўзлар, юрак уриши ва ҳатто хатти-ҳаракат моделларидан шахсни тасдиқлаш усули сифатида фойдалана бошлаймиз. 2018 йилда эса биометрия ўрнига паролни қўллаш ғалати кўринадиган бўлади.

Янги авлод транспорти

Фото: Insider.Pro

Ҳайдовчисиз автомобиллар аста-секинлик билан кундалик ҳаётимизга кириб келмоқда. 2017 йилда автоном транспорт воситаларининг янги турлари (минвэнлар, автобуслар ва б.) пайдо бўлади.

Бундан ташқари, 2017 йилда Илон Маскнинг яна бир орзуси рўёбини кўрамиз: Hyperloop One транспорт тизимининг тўлиқ синовини йўлга қўймоқчи. 

Катта маълумотлар ва ҳужжатлар

Фото: Insider.Pro

Маълумотлар — асосий технологик валюта бўлиб, 2017 йилда уларни тўплаш ва қўллаш усуллари муҳим роль ўйнайди. Бугунги кунда турли ҳужжатлар ва фейк янгиликларни ажратиш катта муҳокамага сабаб бўлмоқда ва эҳтимол, айнан катта маълумотлар технологиялари бу муаммо ечимини топишга имкон берар. 

Шахсий видеотрансляциялар

Фото: Insider.Pro

Бу соҳа охирги пайтда жуда ривожланди ва 2017 йилда унинг янада фаоллашиши кутилмоқда. Snapchat Spectacles'ни олайлик - бошқа ижтимоий медиалар ва ишлаб чиқарувчилар ҳам бу борада ўз қарорларини таклиф қилишлари мумкин. 

Ақлли кийим-кечаклар

Фото: Insider.Pro

2017 йилда ҳам ақлли соатлар ҳеч қаёққа ғойиб бўлмайди, лекин ҳақиқий олиб юрилувчи қурилмаларнинг пайдо бўлишини ҳам кутиш мумкин. Технологиялар бизнинг кийимларимиз, пойабзалимиз ва ҳатто пайпоғимизгача "кириб келади" - Google Jacquard'нинг ақлли матоларга бағишланган лойиҳаси лабаратория деворларидан чиққан тақдирда, бу жараён янада тезлашади. Шундай экан, келажакда кийимларни ҳам зарядкага қўйишга тўғри келса, ажабланманг!

Мавзуга оид