Жаҳон | 11:54 / 08.01.2017
14358
4 дақиқада ўқилади

Foreign Policy 2017 йилдаги энг беқарор қайноқ нуқталар ўнталигини маълум қилди

фото: SANA

АҚШнинг Foreign Policy журнали ўз талқинича, 2017 йилда янги ихтилофлар вужудга келиши мумкин бўлган қайноқ нуқталар ўнталигини тақдим қилди.

Бу ўнталикдан 6 йилдан бери фуқаролик уруши гирдобида қолаётган Сурия ўрин олди. Уруш оқибатида 500 минг киши ҳаётдан кўз юмган, 12 млн киши уйини тарк этишга мажбур бўлган. Ҳозирча мамлакат президенти Башар Асад қуролли ихтилофни тугаллашга ва бутун давлат устидан назоратни қўлга олишга муваффақ бўлолмаяпти. Бироқ ҳукумат қўшинлари томонидан декабрда Ҳалабнинг қайтарилиши Сурия инқирозидаги бурилувчи он бўлди.

Ироқда ИШИД жангарилари ҳукуматнинг мамлакатни бошқариш қобилиятига путур етказди, катта вайронагарчиликлар келтириб чиқарди ҳамда курд ва шиа сиёсий партияларини бир-бири билан табиий захиралар учун курашувчи фракциялар ва қуролли исёнчиларга ажратди. Мўсулни озод қилиш бўйича ўтказилаётган операция агар нотўғри йўл тутилса, муваффақиятсизлик билан якунланиши мумкин.  

Украинанинг Донбасси ва коррупция гирдобида қолган Украина янада кўпроқ мавҳумлик томон йўналмоқда. Киев АҚШнинг янги раҳбарияти Россияга қарши санкцияларни бекор қилиши мумкинлигидан чўчимоқда. Украина президенти Пётр Порошенко ғарбнинг қўллаб-қувватловини кескин йўқотмоқда. Порошенконинг муаммолари парламент сайловлари ўтказилгандан кейин янада чуқурлашиши мумкин.

Афғонистондаги қуролли ихтилоф ва сиёсий нобарқарорлик дунёдаги тинчликка жиддий хавф солади. Толиблар ўз позицияларини мустаҳкамламоқдалар, ИШИД жангарилари эса шиаларга ҳужум қилишни давом эттирмоқдалар. Афғон қўшинларининг заифлашгани жангарилар назоратсиз қолган ҳудудларни эгаллаб олишига олиб келиши мумкин. 

Ямандаги уруш эса гуманитар фалокатга олиб келди: миллионлаб одамлар очарчилик хавфи остида қолмоқдалар, 4 мингга яқин осойишта аҳоли ўлдирилган. Агар ихтилоф ҳал қилинмаса, унга Ал-Қоида, ИШИД каби террорчилик гуруҳлари аралашиши мумкин.

Анқара ва Курдистон ишчи партияси ўртасидаги ихтилоф 2015 йил июлидаги ярашув тугагандан бери авж олмоқда. Бундан ташқари, ИШИД жангарилари Туркияни мунтазам равишда нишонга олмоқда. 

Мексика ва АҚШ ўртасидаги таранглик Мексика билан чегарада девор қуриш, миллионлаб ноқонуний муҳожирларни АҚШдан чиқариб юборишга ваъда бераётган Дональд Трампнинг ҳокимият тепасига келишидан кейин авж олиши мумкин.

Сахел ҳудуди ва Чад кўли ҳавзаси у ерда вужудга келган террорчилик гуруҳлари сабабли дунёдаги энг қайноқ нуқталардан бирига айланган. 2016 йилда бу ерда жиҳодчилар Нигер, Буркина-Фасо ва Кот-д'Ивуарда бир нечта ҳужумлар уюштирганлар. Ҳудудда Ал-Қоида фаол бўлиб қолмоқда, бундан ташқари, Нигерия, Камерун ва Чад хавфсизлик кучлари "Боко Ҳарам" жангарилари билан курашишда давом этмоқдалар. Террорчиликка қарши кураш ҳозирча натижа бермаяпти, гуманитар фалокатга олиб келиш билан хавф солмоқда ва қонли исёнларга олиб келиши мумкин.

Конго Демократик Республикаси сиёсий ихтилофдан азият чекмоқда – мамлакат президенти Жозеф Кабила сайловлардан кейин, яъни 2017 йил охиригача истеъфога кетиши ҳақидаги келишувни имзоламаяпти. Охирги ойларда Конго хавфсизлик кучлари ва президентга қарши чиқаётганлар ўртасидаги тўқнашувлар бир неча ўнлаб кишиларнинг ҳаётига зомин бўлди. Агар сайловлар қолдирилса, зўравонлик давом этаверади.

Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Аун Сан Су Чжи бошчилигидаги Мьянманинг янги ҳукумати тинчлик ва миллий ярашувни ўзининг устувор вазифалари бўлишига ваъда берган. Бироқ яқинда юз берган зўравонликлар 70 йилдан бери давом этаётган қуролли ихтилофга чек қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатларни хавф остига қўйди.

 

Мавзуга оид