Фан-техника | 18:09 / 09.01.2017
17359
5 дақиқада ўқилади

Илк iPhone тақдимотига 10 йил бўлди: экспертлар унинг муваффақиятсизликка учрашига ишонч билдиришганди, бироқ...

Фото: Reuters

2007 йилнинг 9 январида Стив Жобс саҳнадан туриб, биринчи iPhone'ни намойиш қилган. Экспертларнинг кўпчилиги ўшанда қурилмани муваффақиятсиз деб атаб,  уни ҳеч ким сотиб олмаслигини айтишган. Янги қурилма 29 июнь куни сотувга чиқди. Hi-tech илк iPhone ва экспертларнинг унга доир фикр-мулоҳазалари билан бўлишди. 

Таниқли TechCrunch ресурси колумнисти Сэт Поржес ўшанда янгиликка ижобий ёндашмаганди:

"Бизнинг тахминимиз: iPhone портлаб кетади".

Поржеснинг фикрича, маҳсулот максимал даражада ноқулай ишланган. "Экран шишаси синиб кетиши мумкин, клавиатурада хабарларни териш қийин, батарея қуввати узоққа етмайди, дастурий таъминот умуман расво. iPhone'да ҳеч бўлмаганда қўшиқ эшитиш имкони қолдирилгани учун ҳам раҳмат". 

Фото: YouTube

Дэвид Платт – дастурлаш бўйича 11 китоб муаллифи ва Ҳарвард университетининг Extension мактабида .NET ўқитувчиси. 2007 йилнинг 21 июнида у iPhone ҳақида шундай ёзган:

"Apple муваффақиятсизликка учраш учун iPhone тақдимотини ўтказади".

Эксперт янги смартфон конструкциясини хато деб атади. Тақдимотда эса Стив Жобс смартфон конструкцияси ҳақида берилиб сўзлади:

Таниқли маркетолог Эл Рис iPhone ишлаб чиқарувчилари гиёҳванд моддаларга доир текширувлардан ўтказилса, синовдан ўтолмасликларини айтиб ҳазиллашган. 

"iPhone йирик муваффақиятсизликка учрайди", - деган у. 

Бугун у хато қилганини тан олди. Бундан ташқари - эксперт iPhone'ни "муҳандислик ғоясининг мўъжизаси", деб атади. 

Фото: Flickr 

The Street  ва The Wall Street Journal'нинг молиявий мавзулардаги мақолалари муаллифи Бретт Арденс 2007 йилнинг 29 июни - Apple компаниясининг илк смартфонлари сотувига старт берилган кун "iPhone'ни харид қилмаслик учун беш сабаб" сарлавҳаси остида мақола тақдим этган. Мақола аввалида у iPhone қурилмасининг кўринишидан чиройли эканини тан олган бўлса-да, масалага реал кўз билан қарашни таклиф қилган:

"iPhone – келажак эмас. Бу янги даврни бошлаб берувчи инқилобий мобил қурилма эмас".

Инвестицион таҳлилчи Тодд Салливан iPhone қурилмасини "Apple'нинг биринчи муваффақиятсиз лойиҳаси", деб атаган. Кейинчалик Салливан ноҳақ бўлганини тан олди ва унинг бу ҳақидаги хабари iPhone смартфонидан юборилди. 

Теро Куиттинен Forbes учун "Apple'нинг хавфли юриши" мақоласини ёзди. Унда муаллиф шундай дейди: 

"Apple'нинг илк телефони ҳақида кўп гаплар айтилди - ибораларнинг аксарияти муболағаларга тўла. Жаҳон бозорининг iPhone'ни рад этиши Apple'га қимматга тушиши мумкин".

Кейинроқ Куиттинен Apple компанияси хизматларини тўғри баҳоламаганини таъкидлаган. 

Фото: YouTube

Мэтью Линн Bloomberg учун ёзган мақоласида iPhone қурилмасининг бозорга таъсири минимал даражада  бўлиши тўғрисида фикр билдирган: 

"Смартфон фақат бир неча гаджет-фрикларгагина ёқади".

Ўшанда Линнга Nokia ва Motorola iPhone тақдимоти туфайли  асабийлашмаса ҳам бўладигандек туюлган, бироқ вазият у ўйлагандек бўлиб чиқмади. 

Жим Лаундербек PC Magazine учун тақдим этган материалида Apple дастлаб кўп iPhone сотиши, бироқ кейин сотувлар тушиб кетишини тахмин қилган. Эксперт интернетга уланишнинг секинлиги ва ноқулай тугмаларни iPhone'нинг асосий камчиликлари, деб атаган. 

Жон Дворак Marketwatch учун ёзган мақоласида янги қурилма келажагига умуман ишонмаган:

"Бир смартфон ҳаммага тўғри келади" - кулгили концепция". 

Microsoft бош директори Стив Балмер бундан-да кескин фикр билдирган:

"iPhone'нинг бозорда аҳамиятли улушга эга бўлиши учун ҳеч қандай имкони йўқ. Ҳеч қандай!"

Microsoft коропорациясининг маркетинг бўйича катта директори Ричард Спраг ҳамкасбининг фикрига қўшилган - у ҳам Apple'нинг 2008 йилга бориб 10 миллион iPhone'ни сота олишига ишонмаган. 

Бироқ тарих ҳаммасини ўз билганича жой-жойига қўйди. Ҳар янги iPhone дунё бўйлаб янада кўп фанатларга эга бўлиб келмоқда. 

Мавзуга оид