Фан-техника | 23:31 / 14.11.2024
3267
2 дақиқада ўқилади

iCloud мижозлари Apple компаниясини судга берди

Даъвогарлар компания мижозларни ўзининг булутли маълумотлар сақлаш омборига боғлаб қўйиб, улардан «товламачилар» каби пул ундираётганидан норози.

Фото: Shutterstock

Буюк Британияда 40 миллион iCloud булутли сервиси мижозлари Apple компаниясини судга берди. Даъвогарлар компания мижозларни ўзининг булутли маълумотлар сақлаш омборига боғлаб қўйиб, улардан «товламачилар» каби пул ундираётганини таъкидламоқда.

Суд жараёни ташаббускори Which? ташкилоти бўлиб, агар судда муваффақиятга эришилса 3 миллиард фунт стерлинг ундиришлари мумкин — бу ҳар бир даъвогар учун 70 фунтдан тўғри келади.

Apple антирақобат амалиётидаги айбловларни рад этди. Компаниядагиларнинг таъкидлашича, мижозлар iCloud’дан фойдаланишга мажбур эмас. Appleʼга кўра, кўплаб фойдаланувчилар бошқа дастурчиларнинг муқобил сервисларини маъқул кўради, компания эса «маълумотларни узатишни имкон қадар осонлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади».

Appleʼга қарши иш Буюк Биртания Рақобат масалалари бўйича апелляцион трибуналида кўриб чиқилади. Аввалроқ ушбу инстанцияга Facebook, Google, Steam ва Британия операторлар тармоғига қарши даъволар келиб тушганди.

Бу борадаги суд жараёнлари ҳозирча дастлабки босқичда бўлишига қарамай, кейинги бир неча йил давомида судлар янги қарорлар чиқаради, томонлар эса ўзаро келишув битимларини имзолайди — бу орқали йирик технологик компанияларга таъсир кўрсатилади.

Apple фойдаланувчиларига iCloud булутли сервисидан бепул 5 гигабайт ажратади, ортиқча жой учун эса тўлов қилиш керак. Масалан, бир ойга 50 гигабайт учун 1 фунт, 12 терабайт учун эса 55 фунт тўлаш лозим.

Компания рақобатчи маълумотлар омбори севисларига ўз маҳсулотларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини тақдим этмайди. Apple хавфсизлик нуқтаи назаридан буни амалга оширмаслигини таъкидлаб келади. «2015 йилдан бошлаб компания мижозларни ўз сервисларига деярли боғлаб қўйган ва улардан пул ундириб келмоқда», — дейилади даъвода.

Мавзуга оид