Ўзбекистон | 20:14 / 09.01.2017
18331
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Бирламчи тиббий ёрдам муассасалари фаолияти бугунги кун талабларига жавоб бермайди

Фото: УзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 5 январь куни Соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашди. Тадбир видеоконференция шаклида ташкиллаштирилиб, республиканинг барча ҳудудлари билан боғланган ҳолда ўтказилди. 

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида бу соҳа қанчалик муҳим ўрин тутиши, соғлом авлод келажаги айнан шу соҳанинг самарали фаолиятига чамбарчас боғлиқлиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди. 

"Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишидир. Мустақиллик йилларида бу соҳада бир қатор ишлар олиб борилди. Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич тиббиётга жуда катта маблағлар ажратдилар, марказлар туздилар, қишлоқ врачлик пунктларини ташкил қилдилар. Шунга қарамай, соғлиқни сақлаш тизимида ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар юзага келган. Бу, ўз навбатида, аҳоли саломатлигини мустаҳакамлаш, юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган йили виртуал қабулхонага келиб тушган қарийб 7000дан кўпроқ мурожаатлар соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли. Уларда фуқароларимизнинг тиббиёт ходимларидан норозилиги, уларнинг ўз вазифаларига бефарқлик ва лоқайдлик билан ёндашганликлари, беморларга хизмат кўрсатишда сансоларлик, расмиятчилик, таъмагирлик каби ҳолатларга йўл қўйилганилиги баён этилган. Мурожаатларнинг 56 фоизи тиббий ёрдам кўрсатишдан норози бўлиб ёзилган аризалар, 10 фоизи шифохоналарнинг моддий техника базаси ҳолатига оид мурожаатлар, 6 фоиздан кўпроғи ҳудудларда санитария-эпидимиология вазиятларидан норози бўлиб ёзилган шикоят ва талаблардир", - деди Ш. Мирзиёев. 

"Кўриб турибсиз, соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб муаммо ва камчиликлар йиғилиб қолган. Аҳоли уларни ўз мурожаатларида аниқ ва равшан қилиб кўрсатиб берган. Шунинг учун бугун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбарияти, марказлар раҳбарлари ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқлари ва бошқа мутасаддилар билан барча масалалар бўйича очиқ-ойдин гаплашиб олиш учун таклиф қилдик", - дея ўз сўзида давом этди давлат раҳбари. 

Шавкат Мирзиёев соҳанинг ҳар бир йўналиши бўйича аниқ муаммоларга тўхталиб ўтди.  

"Бирламчи тиббиёт ёрдам муассасалари, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар фаолияти бугунги кун талабларига умуман жавоб бермайди. Умумий амалиёт шифокорлари оилаларга кирмаяпти, уларнинг муаммолари билан яшамаяпти, аҳолини патронаж хизмат билан қамраб олишни 70 фоиз даражаси қолиб кетмоқда. Профилактик тиббий кўриклар номига ўтказиляпти. Шу сабабдан ҳамма касалликлар, сурункали даврга ўтганда аниқланиб, болалар орасида ногиронлик кўрсаткичлари ошмоқда. 

Бугунги кунда 47та қишлоқ врачлик пунктида шифокор йўқ. У бўлмаса, аҳолига малакали тиббий ёрдам ким томонидан кўрсатилади? Раҳбарлар ҳар куни эрталаб туриб, ҳар бир қишлоқ врачлик пункти билан гаплашиши керак. "Вазият қандай? Қандай муаммолар бор? Аҳолининг кайфияти қандай?" Бундан буён ана шундай иш тутиш керак. 

Энг ачинарлиси, соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти томонидан ёш мутахассисларни қишлоқ врачлик пунктларига жалб қилиш учун етарли эътибор берилмагани, самарали механизмлар қўлланилмагани натижасида кадрлар билан таъминлаш кўрсаткичлари йилдан йилга пасайиб бормоқда", - деди президент. 

 

Мавзуга оид