Барак Обама иқлим ўзгаришлари билан курашишга қарор қилдими?
АҚШнинг тарихга айланаётган президенти Барак Обама нуфузли Science журналида ўзининг яна бир илмий мақоласини тақдим этди. Мақолада Америкага иқтисодиётга зиён етказмаган ҳолда иқлим ўзгаришлари билан курашишга ёрдам берувчи усуллар ҳақида гап боради.
2016 йилнинг июлида Барак Обама ўз президентлик даврида илмий журналда илмий мақола тақдим этган биринчи президент бўлди. Унинг JAMA журналидаги мақоласида Обаманинг президентлик давридаги лойиҳаларидан бири бўлган ACA'нинг соғлиқни сақлаш ислоҳотларидаги ижобий ва салбий томонлари қайд этилганди. Мақола кўплаб олимлар, матбуот ва аҳолининг эътиборини жалб қилди ва Altimetrics версияси бўйича "2016 йилнинг энг кўп муҳокама қилинган илмий мақоласи" сифатида қайд этилди.
АҚШнинг 44-президенти ўз илмий изланишларида давом этишга қарор қилди. Бу сафар у Science журналида иқлим ўзгариши билан курашда энг асосий муаммолардан бири - иқтисодий ўсишнинг секинлашуви ва ишчи ўринларининг йўқолишини қандай четлаб ўтиш мумкинлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан бўлишди.
Обаманинг таъкидлашича, глобал исиш билан курашда барча чоралар, шу жумладан, Париж келишувининг бекор қилиниши (Дональд Трамп бир неча марта шу ҳақида сўз юритган) Ер юзидаги ўртача ҳарорат келаси аср бошига бориб, Цельсий бўйича 4 даражага кўтарилишига олиб келади. Бу глобал иқлим ҳалокатига сабаб бўлади.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, иссиқхона газлари чиқиндиларининг кескин қисқаришига қарамай, АҚШ иқтисодиёти 2008 йилдан буён ўсишда давом этмоқда.
Манбага кўра, энергетика соҳасидаги СО2 чиқиндилари 9,5 фоизга қисқарган бир вақтда иқтисодиёт кўрсаткичлари 10 фоиздан кўпроқ ошган. Шундай экан, ҳам юқори ўсиш кўрсаткичлари, ҳам иқлим ўзгаришлари билан курашни ўзида уйғунлаштирган иқтисодий тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиш мумкин.
Обаманинг фикрича, бунда асосий эътибор чиқиндиларни камайтириш ва ишлаб чиқаришнинг энергосамарадорлигини яқин йилларда 20-30 фоизга ошириш режаларини ишлаб чиқишга улгурган хусусий компанияларга қаратилади. Бу уларга нафақат иқлим ўзгаришлари билан курашишда, балки ёқилғи, электр энергияси ва бошқа энергия манбалари харажатларини камайтиришда ёрдам беради.
Буни инкор этиш ва эски экологик нормаларга қайтиш, Обаманинг фикрича, дунёни тахминан 4 фоиз ЯИМдан маҳрум қилади. Бунинг натижасида АҚШ ҳар йили 340-700 миллиард доллар, икки миллионга яқин ишчи ўрин ва шу соҳадаги технологик етакчиликни йўқотади. Шу боис Обама Трамп ва унинг жамоасини Париж келишувидан воз кечмаслик ва иқлим ўзгаришлари билан кураш чора-тадбирларини бекор қилмасликка чақирмоқда.
Мавзуга оид
18:18
Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди
13:36 / 08.11.2024
2024 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўлиши кутиляпти
09:59 / 07.11.2024
Собиқ президент Обама Трампни сайловдаги ғалабаси билан табриклади
18:18 / 06.11.2024