Спорт | 20:04 / 12.01.2017
47470
2 дақиқада ўқилади

ММА тарихидаги энг пасткаш нокаут рўй берган жангда жабрланувчи ўзбекистонлик эмасди

Россиялик аралаш жанглар санъати (MMA) вакили Ибрагим Халилов 10 январь куни Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган WBK 22 турнири доирасидаги жангнинг 3-сониясидаёқ рақибига кутилмаганда зарба бериб, уни нокаутга учратди. У рақиби билан саломлашиш вақтида зарба берганди.

Аввалига Россиядаги нашрлар унинг бу айёрона ҳаракатидан жабрланган спортчи Бахтиёр Баратов Ўзбекистон вакили экани ҳақида хабар тарқатди. Ўзбекистондаги сайтлар, жумладан, Kun.uz ҳам шу маълумотларга асосланиб, хабар берди. Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари эса бу ҳодисани қизғин муҳокама қилишиб, россиялик спортчини қоралади ҳамда бу нокаут «ММА тарихидаги энг пасткаш нокаут» деб ном олди.

Россиялик таниқли спорт шарҳловчиси Василий Уткин ҳам бу воқеага муносабат билдирган ва ушбу спорт турига танқид ёғдирган.

«Қизиқ, бу ҳайвонот боғи томошани спорт деб аташ қанчалар тўғри? Ёки менинг тасаввурим ожизроқми?», – дея ёзган Уткин ўз твиттерида.

Энди маълум бўлишича, Баратов аслида Тожикистон фуқароси. У 2013 йилда ММА бўйича Тожикистон чемпиони бўлган ва ҳозирда Тожикистон ММА терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.