Жамият | 17:47 / 13.01.2017
11889
2 дақиқада ўқилади

Суриялик қочқинни чалиб йиқитган венгриялик тасвирчи аёлга шартли қамоқ жазоси тайинланди

2015 йилнинг кузида Сербия билан чегарада суриялик муҳожир Усама Муҳсинни чалиб йиқитган венгриялик журналист аёл Петра Ласло бу қилмиши учун шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар бермоқда. 

Суд қарорида таъкидлашича, N1 телеканали тасвирчисининг хатти-ҳаракати жамиятда “катта тушунмовчилик ва ғазаб”ни келтириб чиқарди. Судья Ласло ўзини ҳимоя қилган, деб иддао қилган адвокатларнинг баёнотини рад этди.

Интернетда тарқалиб кетган видеода Ласло полициядан қочишга уринган, қўлида фарзанди бўлган суриялик қочқинни чалиб йиқитганини кўриш мумкин. Бу жамоатчиликда катта норозиликка сабаб бўлди. Тасвирчи бундан сўнг яна бир эркакнинг иягига, кичик ёшли боланинг эса - тиззасига қараб урган.

Ушбу можароли видеодан сўнг журналист аёлни ишдан бўшатишди. Тахминларга кўра, у шу тариқа янада драматик видеони тасвирга туширмоқчи бўлган. Воқеа жойида бўлган журналистлардан бирининг мобил телефони орқали олинган ёзувда аёл камерани тўғри қочқинга ўгириб, унинг ғазаб тўла бақиришини тасвирга туширмоқчи бўлганини кўриш мумкин.

Маълумот учун, Усама Муҳсин кейинчалик Испаниядаги футбол мактабларидан бирида мураббий сифатида ишга қабул қилинди.

Мавзуга оид