Ўзбекистон | 19:05 / 13.01.2017
10109
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси сайёр қабулхонаси Ўртачирчиқ туманида бўлди

Фото: gazeta.uz

Тошкент вилояти ИИБнинг сайёр қабулхонаси 2017 йилнинг 11-12 январь кунлари вилоятнинг Ўртачирчиқ туманида бўлди. Фуқаролар билан мулоқот давомида вилоят ички ишлар органлари соҳавий хизматлари вакиллари ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича қилинган мурожаатлар жойида расмийлаштирилиб, уларга тўлақонли жавоб қайтариш юзасидан тегишли хизматларга топшириқлар берилди. Мурожаатларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, айрим фуқароларни қийнаётган муаммолар шу ернинг ўзида ечимини топди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари, туман прокуратураси, туман ички ишлар бўлими ва коммунал хизматларнинг раҳбарлари иштирокида аҳолининг бошқа ижтимоий масалалардаги қизиқтирган саволлари тегишли тартибда ўрганиб чиқилди. Фуқароларга камчиликларни бартараф этиш юзасидан тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти ИИБнинг сайёр қабулхонасининг Ўртачирчиқ туманидаги мулоқоти мобайнида вилоят ички ишлар органлари вакиллари Ўртачирчиқ тумани Ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари билан учрашдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, ҳар биримизнинг олдимизда турган муҳим вазифалар муҳокама этилди. Давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ҳаётий тамойилни амалда қарор топтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш ниҳоятда аҳамиятли эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Самимий руҳда бўлиб ўтган мулоқот давомида ўқувчи ёшлар ўзларига керакли бўлган тушунча ва билимларга эга бўлишди.

Мавзуга оид