Фан-техника | 13:38 / 17.01.2017
16258
2 дақиқада ўқилади

Венера сайёрасида жуда ҳам йирик тўлқин аниқланди

Венера сайёраси атмосферасининг устки қатламларида жуда ҳам йирик тўлқин аниқланди. «Акацуки» тадқиқот қурилмаси у соатига 360 километр тезликда ҳаракат қилишини қайд этган, деб хабар берди Nature.

Венера юзасидаги босим Ер билан таққослаганда 100 бараварга кўпроқдир. Қуёшдан иккинчи бўлган сайёранинг атмосфераси жуда ҳам зич бўлиб, 95 фоизи карбонат кислотасидан иборат.

У юқори босим туфайли ўзини ноодатий суюқлик сифатида тутади. Атмосфера сайёрадан 60 маротаба тезроқ айланиб, тезлиги соатига 500 километрга етувчи шамолларни пайдо қилиши мумкин.

Венерага «Акацуки» тадқиқот қурилмаси 2010 йилнинг майида учирилди. Унинг двигателларида муаммо юзага келгач, зонд сайёра ёнидан учиб ўтиб, Қуёш атрофида айланиб чиқишга мажбур бўлди ҳамда яна қайтиб келди. Муҳандислар «Акацуки» тезлигини пасайтириб, Венера барқарор орбитасига киритишнинг уддасидан чиқишди.

«Акацуки» миссияси раҳбари Масато Накамуранинг айтишича, қурилма Венера атмосферасида Y ҳарфига ўхшаш сирли тузилишни топишга ёрдам берди. 

Атмосфера юқори қатламларидаги тўлқинлар баландлиги 10 минг километрни ташкил қилади. Маълум бўлишича, Венера атмосфераси сайёранинг ўзига нисбатан анча тез ҳаракатланади.

Олимлар бу атмосфера тортишиш тўлқини, деган тахминни илгари суришди. Одатда бундай тўлқинлар тоғ тизмалари ва йирик атмосфера фронтларининг ўзаро алоқаси туфайли пайдо бўлади. 

Бироқ тадқиқотчилар Венерада тоғ тизмаларини умуман аниқлашмади. Эҳтимол, сайёра юзасида ҳаво массалари ўзини ноодатий тутади, ёки Венеранинг рельефи бошқача кўринишга эга.

Мавзуга оид