Мексика ўртасида барпо этилажак девор, соғлиқни сақлаш тўғрисидаги қонуннинг бекор қилиниши ва иммиграцияни чеклаш ҳамда бошқа хабарлар хусусида батафсил. 

Дональд Трамп Оқ уйнинг Овал хонасида

Дональд Трамп 2017 йил 20 январида АҚШ президенти лавозимига киришди. Ваколатларини бажараётганига бир ҳафта бўлишига қарамай, шов-шувли баёнот ва кўрсатмалар беришга улгурди. Унинг барча ташаббуслари у ёки бу маънода сайловолди кампанияси чоғида берилган ваъдалар билан боғлиқ ва Барак Обаманинг сиёсатини кескин ўзгартириб юборди. 

Ҳозирча, Трамп ўзининг барча ғояларини амалга ошира оладими-йўқми, бирон нарса дейиш қийин. Масалан, Мексика президенти умумий чегарада девор қуриш бўйича турли қарашлар сабабли у билан учрашувини бекор қилди. TJournal Трампнинг олти кунлик давлат раҳбари лавозимидаги фаолиятига кўз югуртирган. 

Дональд Трамп Мексика билан девор қуриш ҳақидаги сайловолди баёнотлари қуруқ гап эмаслигини амалда исботлашга киришди. 25 январда президент ўзининг баландпарвоз ваъдасига мувофиқ, жанубий чегаралардаги миграция инқирозига барҳам бериш мақсадида девор қуришга доир қарорини имзолади. 

Бундан бир кунлар аввал, Трамп ABC телекомпаниясига берган интервьюсида, қурилиш ишлари «бир неча ойлардан сўнг» бошланиши мумкинлигини қайд этди. Давлат раҳбари бу борада аниқ санани айтмаган бўлса-да, кейинроқ зудлик билан бошланишига ишора қилди. 

Таъкидлаш жоизки, Трампнинг ушбу режасини амалга ошириш пулга бориб тақалади. АҚШ раҳбари барча харажатларни Мексикадан ундириб олишни хоҳламоқда. Қўшни давлат раҳбарияти эса, бир неча маротаба рад жавобини бергани маълум. 

Трампнинг ҳисоб-китобларига кўра, 3 минг кмлик девор камида 12 млрд долларга айланади. Мутахассислар эса, иншоотнинг ҳақиқий баҳоси 15-25 млрд долларни ташкил этишини айтишмоқда. Дональд Трамп лойиҳани амалга ошириш учун молиявий манбани ҳал қилиши талаб этилади. Шу билан бирга, Конгресс ҳам шу режани қўшимча молиялаштиришни тасдиқлаши керак бўлади. 

Трампнинг илк фармонларидан яна бири бу соғлиқни сақлашга доир Обама қонунини босқичма-босқич бекор қилиш бўлди. Обаманинг ташриф қоғози ва кўплаб зиддиятли қарашларга сабаб бўлган «Affordable Care Act» дастурини бекор қилишни мамлакат Сенати ҳам қўллаб-қувватлади.