Жаҳон | 18:44 / 27.01.2017
18970
2 дақиқада ўқилади

Миш-миш: Трамп Россияга қарши санкцияларни бекор қилмоқчи

Фото: EPA

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Россияга қарши киритилган чеклов чораларини бекор қилиш ҳақида ҳужжат тайёрлади. Бу ҳақда Атлантик кенгаши ходими Фабрис Потье пайшанба, 26 январь куни ўз Twitter’ида хабар берган.

«Вашингтондаги манбалар Трамп маъмурияти Россияга нисбатан киритилган санкцияларни бекор қилиш ҳақида буйруқ тайёрлагани ҳақида хабар берди. АҚШ президенти ГФР канцлери Ангела Меркель, шундан сўнг Россия раҳбари Владимир Путин билан шанба куни суҳбатлашади», - дея таъкидлаб ўтди Потье.

Унинг сўзларига кўра, агарда ушбу маълумот тасдиқланса, бу «Ғарбнинг шунча йиллар давомида Россияга қарши ҳаракатларига катта зарба бўлади».

Потьенинг таъкидлашича, Конгресс, шунингдек, Европа томонининг бунга муносабатини кутиш керак.

Reuters 27 январь куни манбага таянган ҳолда шанба куни Трамп ва Меркель ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтиши мумкинлигини хабар берганди. Агентлик суҳбатдошининг билдиришича, суҳбат асосан Россия мавзусида бўлади. Манба Американинг Москвага киритган санкциялари бекор қилиниши мумкинлигига аниқлик киритмаган.

Россия раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ва Трамп 28 куни телефон орқали суҳбатлашишини тасдиқлади.

Маълумот учун, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бир қатор бошқа мамлакатлар томонидан Россияга қарши санкциялар Қримнинг Россия таркибига кириши фонида, шунингдек, Украина жануби-шарқида 2014 йилдаги можаро сабаб киритилганди. Шундан сўнг улар аста-секин кенгайтириб борилган. Трамп сайловолди кампанияси вақтида бир неча бор Россия президентига ижобий муносабатда эканига шаъма қилган ҳамда Москва билан яхши муносабатлар ўрнатишга ваъда берганди. У шунингдек сайловларда ғалаба қозонса, Қримни Россиянинг ҳудуди деб тан олиши масаласини қайта кўриб чиқиши ҳақида ҳам гапирган.

Атлантик кенгаши (Atlantic Council) — Вашингтонда жойлашган ва катта нуфузга эга таҳлил маркази.

Мавзуга оид