Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда BMW рухсатсиз йиғилаётгани айтилди
Германиянинг Bild нашри маълум қилишича, Россиянинг Калининград шаҳридаги «Автотор» заводи BMW концернининг расмий рухсатисиз мазкур бренд автомобилларини йиғишда давом этмоқда. Компания бу машиналарни сотиб олмасликка чақириб, улар 2022 йилдан буён сифат назоратидан ўтмаганини таъкидлади.
Нашрнинг ёзишича, BMW Россия бозорини тарк этганига қарамай, унинг собиқ ҳамкори бўлган «Автотор» заводи уруш бошланишидан олдин омборларда қолган оригинал эҳтиёт қисмлардан йўлтанламас автомобилларни йиғишда давом этмоқда.
Гарчи мазкур автомобиллар 2025 ёки 2026 йил моделлари сифатида рўйхатдан ўтказилаётган бўлса-да, уларнинг ташқи кўриниши асосан 2022 йилги BMW моделларига мос келади. Айрим конструктив ўзгаришлар мавжуд бўлса-да, машиналар расмий ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланмаган.
BMW вакили изоҳида Калининградда рухсатсиз йиғиш ишлари ҳозиргача «мунтазам бўлмаган тарзда» давом этаётганини билдирди. Компания харидорларни бундай автомобилларни сотиб олмасликка чақириб, 2022 йилдан бери улар сифат назоратидан ўтмагани ва ишлаб чиқарувчи кафолатига эга эмаслигини қайд этди.
Хабар қилинишича, оригинал эҳтиёт қисмлар захираси камайиб бораётгани сабабли завод маҳаллий ишлаб чиқарилган айрим бутловчи қисмлардан ҳам фойдаланмоқда.
Шунингдек, мазкур автомобиллар BMWʼнинг расмий рақамли тизимларига уланмаган. Шу боис, айрим электрон функциялар тўлиқ ишламаслиги ёки ўзгартирилган дастурий таъминот орқали фаолият кўрсатиши мумкин.
Bild маълумотларига кўра, «Автотор» бундай автомобилларни 12–14 миллион рубл (тахминан 150 минг евро) атрофидаги нархда таклиф қилмоқда. Таqqослаш учун, Германияда янги BMW X7 модели расмий дилерларда тахминан 105 минг евродан сотилади.
Автомобил соҳаси эксперти Сергей Асланян ҳам аввалроқ The Insider нашрига берган интервюсида Калининградда BMW автомобилларини йиғиш қайта йўлга қўйилганини айтган эди. Унинг маълум қилишича, 2025 йилдан бошлаб завод аввал BMW X5 ва X6, кейинчалик эса BMW X7 моделларини юқори жиҳозланган версияларда йиғишни бошлаган.
Мавзуга оид
09:19
Россия Азов-Дон канали орқали кемалар ҳаракатини чеклади
20:34 / 10.07.2026
Россия газининг Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажми ошиши кутилмоқда
11:50 / 10.07.2026
Der Spiegel: Хитой Россия билан ҳарбий-техник ҳамкорликни кенгайтирган
10:10 / 10.07.2026