Light | 21:56 / 29.01.2017
51740
8 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг ёш миллиардер Эван Шпигелнинг ажойиб ҳаётидан лавҳалар (фотожамланма)

Эван Шпигелнинг ҳаёти омадли кечди. Унинг Snap Inc. компанияси биржага чиқишга тайёргарлик кўрмоқда ва ҳозирги пайтда бу 2017 йилнинг энг кутилаётган IPO'ларидан бири - компания 20 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бутун дунё ўсмирлари Snapchat иловасини яхши кўришади, яқиндагина чиқарилган Spectacles кўзойнаклари эса энг кутилган гаджетлардан биридир. 

Forbes маълумотларига кўра, Шпигелнинг молиявий ҳолати 2,1 миллиардни ташкил этади. Бу уни мерос сабаб эмас, ўз кучи билан бойишга муваффақ бўлган дунёдаги энг ёш миллиардерга айлантиради. 

Унинг омади кулган ва у буни яхши билади. Стенфорд университетидаги бизнес-конференцияда у шундай деганди:

"Мен ёш, оқ танли, билимли инсонман. Демак жуда омадлиман. Ҳаёт адолатсиз". 

InsiderPro Шпигелнинг ҳаётига оид энг қизиқарли фактларни тўплади: унинг LA Weekly, Forbes, Business Insider'даги таржимаи ҳоли, шунингдек, суд ҳужжатлари ва кўплаб бошқа маълумотлар. 

Эван Шпигель Малибунинг шарқида, Лос-Анжелеснинг бадавлат даҳаси Пасифик-Полисэйдсда вояга етди. У икки ҳуқуқшуноснинг тўнғич ўғли. Ўрта мактабда ўқиб юрган кезларида ота-онаси ажарашиб кетишган. 

Шпигель 16 ёшга тўлганида ҳайдовчилик гувоҳномаси, Cadillac Escalade ва Southern California Edison компаниясининг мактаб ёнидаги ёпиқ тураргоҳидаги жойга эга бўлди.

У Санта-Моникадаги Crossroads номли элита мактабини тугаллаган, у ерда ўқиш ўн минглаб долларни ташкил қилади. Бу мактабда кўплаб  таниқли шахслар таълим олишган - Tinder ҳаммуассиси Шон Рэд, Кейт Ҳадсон, Жон Ҳилл, Жек Блэк ва Гвинет Пэлтроу. 

2008 йилда, Red Bull'да маркетинг бўйича тажриба ўтаган Шпигель шаҳар бўйлаб юришга нисбатан тежамкорроқ машина кераклигини англаб етди. Ота-онасига ёзган мактубида у учун лизингга тахминан 75 минг долларлик BMW 550i олишни сўради: "Автомобиллар мени хурсанд қилмоқда. Агар менинг яхши ўқиганим учун мукофот жоиз деб топсангиз, лизингга BMW олсангиз, сизлардан жуда миннатдор бўлардим".

Шпигеллар бир неча эксклюзив клуб аъзоси бўлишган, Санта-Моникадаги Jonathan ва La Jolla Beach and Tennis Club шулар жумласидандир. Улар Европа бўйлаб кўп саёҳат қилишган, уларнинг уйида доимо оқсоч бўлган, сноубордда учиш учун вертолётда Канадага боришган. BMW ҳақидаги мактубида Эван "Биз худди пуфак ичида яшаётгандекмиз" деб ёзган. 

Шпигель Стэнфорд университетга ўқишга кириб, янги маҳсулотлар яратилиши ва маркетингини ўрганган. У ўша ерда Snapchat'нинг бўлғуси ҳаммуассислари Режи Браун ва Бобби Мерфи билан танишган. 

Кейинчалик Мерфи Forbes журналига берган интервьюсида шундай дейди: "Биз қойилмақом йигитлар бўлмаганмиз, шу боис қойилмақом нарса яратишга ҳаракат қилганмиз".

Учовлон Kappa Sigma талабалар иттифоқи аъзоси бўлишган. зиёфатларни ташкиллаштириш Шпигелнинг мажбуриятларига кирган. 

2014 йилда интернетда Шпигелнинг Стэнфорддаги ўқиш давридаги хатлари тарқалди. Унда бўлғуси миллиардернинг сўкинган сўзларни кўп қўллагани маълум бўлган. Хатлар тарқалганидан кейин у узр сўради. 

"Бундай сўзларни ёзганимдан афсусдаман. Мен аҳмоқ бўлганман, албатта. Бугун мен аёлларга бутунлай бошқача муносабатдаман".

Стэнфордда ўқиш давомида оила дўсти Шпигелни ишбилармонлик ва венчур инвестициялар курсига жойлаштириб қўйди, у ерда хайтек-саноати етакчилари маърузалар ўқишарди. Google компаниясининг бош директори Эрик Шмидт ва YouTube ҳаммуассиси Чад Ҳерли шулар жумласидандир.

Бир куни Intuit асосчиси Скотт Кук маъруза ўқишга келди ва Шпигель у билан дўстлашиб қолди. Кейинроқ катта курсларда ўқиш давомида Шпигель Intuit’да Ҳиндистон бозорига мўлжалланган маҳсулот устида ишлади. 

Бироқ Шпигель университетни тугалламади – у ўқишни тугатишига озгина вақт қолганди, бироқ Snapchat тўлиқ бандликни талаб қилар эди. Отасининг Палидейсдаги уйи компаниянинг штаб-квартираси бўлган. 

Кейинчалик компания Венис қирғоқларидаги идорага кўчиб ўтади, аммо Шпигель квартира ижарасида тежаб, яна анча вақт отасининг уйида яшади.

2014 йилда у ниҳоят бошқа жойга кўчиб ўтди – 3,3 миллион долларга Брентвудда уч ётоқхонали шахсий уйини харид қилди. Тез орада компаниясининг салоҳиятли харидорлари унинг эшигини қоқиб кела бошлашди. Маълумки, 2013 йилда у Facebook асосчиси Марк Цукербергнинг таклифини рад этди – у компанияни 3 миллиард долларга сотиб олиш таклифини берганди. 


Шундан кейин Facebook компанияси Snapchat клонини яратишга уриниб кўришди, бироқ унинг Poke иловаси “ўтмади”.

Сервисдан фойдаланувчилар сони ўсишда давом этди ва Шпигель хайтек-саноатида тез ном қозонди. Суратда у 2014 йилдаги Vanity Fair New Establishment Summit тадбирида Vice компанияси раҳбари Шейн Смит билан тасвирланган. 

2015 йилнинг июнида Snapchat йирик инвестицияларни жалб қилишга муваффақ бўлди – шундан сўнг Шпигель ўзига Ferrari сотиб олди. 

Шпигель бир муддат поп-юлдуз Тейлор Свифт билан учрашиб юрди. Улар 2013 йилнинг декабрида Янги йил оқшомида танишишган. 

Шпигель анча вақт мусиқа саноатига қизиқиш билдирган, шу боисми Sony Entertainment бош директори Майкл Линтон анчадан бери Snapchat бошқарувига киритилган.

2015 йилнинг ёзида Шпигель супермодель Миранда Керр билан учраша бошлади. Улар илк маротаба 2014 йилда Louis Vuitton’нинг Нью-Йоркдаги оқшомида учрашишганди. 

2016 йилнинг май ойида жуфтлик 12 миллион долларга илгари актёр Ҳаррисон Фордга тегишли бўлган 665 квадрат метрли уйни харид қилади. Шу йилнинг июлида улар унаштирув тўғрисида эълон қилишди. 

Шпигель модага риоя қилади, бу одатда хайтек-компаниялар раҳбарларига хос бўлмаган хусусиятдир. 2015 йилда у Италиянинг Vogue журнали саҳифасида пайдо бўлди. 

Бундан ташқари, Шпигелнинг вертолётни бошқаришга ҳуқуқ берувчи гувоҳномаси бор, шунингдек, у флористикага қизиқади. У кўпинча James Persе’нинг 60 долларли V-бичимдаги футболкаларини кияди. 

2016 йилнинг сентябрида Шпигель Snapchat’ни Snap Inc.га ўзгартирди ва компания бундан кейин камералар ҳам ишлаб чиқаришини таъкидлади. У Spectacles номи остидаги камера ўрнатилган кўзойнакларни тақдим этди. 

Шпигель очиқлик тарафдори эмас – на шахсий ҳаётида ва на иш фаолиятида. Snap ходимлари кўпинча компания қайси маҳсулот устида ишлаётганини билишмайди. 

Кўпинча унинг Венис-Бичдаги компания идорасини қора машинада қўриқчилар ҳамроҳлигида айланиб чиқаётганини кўриш мумкин.

Spectacles кўзойнаклари учун Vergence Labs номи остидаги кичик стартап сотиб олинганида ходимларга Шпигелнинг қўлида ишлаётганликлари ҳақида бошқаларга айтишга изн берилмасди. Бироқ интернетда барибир шартномага оид маълумот пайдо бўлди. 

Аксарият одамлар Шпигелни даҳо ва омадли, бошқаларни яхши тушунадиган инсон деб ҳисоблайди ва бу ёшларга ёқади. Бир таниши уни ҳатто Пикассога тенглаштирган. 

Шпигель 26 ёшга тўлди ва мана икки йилдирки, Forbes уни дунёнинг энг ёш миллиардери сифатида эътироф этади. Экспертларнинг баҳоларига кўра, унинг молиявий ҳолати 2,1 миллиард долларни ташкил қилади. 

Ҳозирда у 20 миллиард долларга баҳоланувчи компанияни биржага олиб чиқишга тайёрланмоқда. Айтишларича, инвесторларга мурожаат қилиш уни Марк Цукербург ва Стив Жобс билан бир қаторга қўяди.