Спорт | 18:04 / 31.01.2017
11909
3 дақиқада ўқилади

«Насаф» ОЧЛ саралашидаги биринчи ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонди

Осиё Чемпионлар Лигаси–2017 турнири ўтиш босқичида Қаршининг «Насаф» жамоаси Баҳрайннинг «Ал-Ҳидд» клубига қарши баҳс олиб борди. Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида кечган баҳс қаршиликлар жамоасининг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйинни фаол бошлаган «Насаф» аъзолари 16-дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Стандарт вазиятдан Акмал Шораҳмедовнинг узатмасидан кейин Шаҳбоз Эркинов боши билан рақиб дарвозасини ишғол қилди.

10 дақиқада «Насаф» ҳисобни оширди. Иккинчи гол ҳам биринчиси каби стандарт вазиятдан ва Акмал Шораҳмедов узатмасидан кейин киритилди. Бу сафар гол муаллифи Игорь Голбан бўлди – 2:0.

Учрашувнинг 76-дақиқасида захирадан майдонга тушган Дониёр Нарзуллаев ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Ўйин якунида Драган Черан «Насаф»нинг йирик ғалабасига ҳисса қўшди.

Мазкур ғалабадан сўнг «Насаф» футболчилари ОЧЛ–2017 плей-офф босқичига йўл олди. Навбатдаги босқичда, 7 февраль куни Рўзиқул Бердиев шогирдлари гуруҳ босқичи йўлланмаси учун сафарда Саудия Арабистонининг «Ал-Фотиҳ» клуби билан куч синашади. Ўша учрашувдаги ғалаба жамоани Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига олиб чиқади.

ОЧЛ–2017 ўтиш босқичи

«Насаф» (Қарши) – «Ал-Ҳидд» (Баҳрайн) — 4:0

Голлар: Шаҳбоз Эркинов (16), Игорь Голбан (26), Дониёр Нарзуллаев (76), Драган Черан (90).

«Насаф»: 35. Санжар Қувватов, 2. Акмал Шораҳмедов, 6. Азиз Ғаниев, 15. Шаҳбоз Эркинов (Бобир Абдухолиқов, 78), 18. Баҳром Абдураҳимов, 20. Ислом Кенжабоев (Дониёр Нарзуллаев, 68), 22. Игорь Голбан, 23. Шерзод Аъзамов, 33. Одилжон Ҳамробеков (Дилшод Раҳматуллаев, 85), 34. Фаррух Сайфиев, 69. Драган Черан.

«Ал-Ҳидд»: 1. Аббос Аҳмад, 2. Абдулла Фатади (Аҳмад Алхаттал, 55), 6. Уче Агба, 7. Муҳаммад Ал-Довуд, 10. Акарандут Орок, 15. Иброҳим Ал-Обайдли, 16. Саид Муҳаммад Аднан, 17. Ифедайо Олусегун, 18. Иса Мусаббеҳ, 23. Рашид Ал-Ҳути, 24. Аҳмад Буғаммар.
Огоҳлантириш: Аҳмад Буғаммар (49).

Мавзуга оид