Ўзбекистон | 11:24 / 01.02.2017
52247
3 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Дональд Трампнинг фармони юзасидан изоҳ берди

2017 йил 27 январь куни АҚШ Президенти етти мамлакат фуқароларининг Америка Қўшма Штатларига киришини вақтинча тўхтатувчи фармонга имзо чекди. Америка Қўшма Штатларига сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларига бу фармон тегишли эмас, бироқ бунинг учун улар бир вақтнинг ўзида Эрон, Ироқ, Сурия, Судан, Ливия, Яман ва Сомали фуқаролигига эга бўлмасликлари лозим. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди. Ўзбекистон фуқаролари аввалгидаги каби барча тоифадаги визалар олиш учун мурожаат қилишда давом этиши мумкин.

Элчихона Ўзбекистон фуқаролари ҳамон «Суҳбатсиз визага мурожаат этиш дастури»да иштирок этиши мумкинлигини эслатди. Ушбу дастур муайян визага ариза берувчилар учун консул билан суҳбатдан ўтмасдан визага мурожаат қилишларига имкон беради. Бундай имкондан қуйидаги тоифалар фойдаланишлари мумкин:

- Муддати тугаганига 12 ойдан ошмаган визага эга бўлган Ўзбекистон фуқароси (у сўраётган виза тоифаси худди аввалги виза тоифасидек бўлиши лозим)
- 14 ёшгача бўлган мурожаат қилувчилар
- 79 ёшдан ошган мурожаат қилувчилар
- Дипломатик ва расмий визаларга мурожаат қилувчилар.

«27 январда эълон қилинган фармон Ироқ, Эрон, Ливия, Сомали, Судан, Сурия ва Яман мамлакатлари фуқаролари учун виза берилишини вақтинча тўхтатиб туришни назарда тутади. Фармон кейинги билдирувга қадар зудлик билан кучга киради. Агар сиз юқорида санаб ўтилган давлатлардан бирининг фуқароси бўлсангиз ёки икки фуқароликка эга бўлсангиз, илтимос, виза суҳбатини белгиламанг ва ҳеч қандай виза тўловларини амалга оширманг. Агар сиз суҳбатга кириш кунини аввалроқ бегилаб қўйган бўлсангиз, ушбу суҳбатга келманг, чунки биз сиз билан виза суҳбатини ўтказа олмаймиз. Шуни назарда тутиш лозимки, расмий ҳукумат мақсадлари, белгиланган халқаро ташкилотлар номидан расмий иш юзасидан ёки Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотига оид расмий мақсадлар билан боғлиқ сафарлар учун ёки муайян мулозимларга ушбу фармон шартлари тааллуқли эмас», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид